3:23

Оилада санъат

MP3

Ассалому алайкум. Санъат сўзини ҳар ким турлича қабул қилади. Ëдимда, ёшлигимда синглим раққоса бўламан, деганида ота-онам қарши чиққан эди. «Оиламизга ўйинчи керак эмас», дейишганди ўшанда. Ўша пайтларда раққоса, қўшиқчи бўлишни ота-оналар қўллаб қувватламасди. Аммо асосий мавзумиз бу ҳақида эмас, оилада санъатнинг ўрни ҳақидадир. Масалан, мусиқа – бир санъат. Расм чизиш – бу ҳам бир санъат. Актёрлик маҳорати – катта бир санъат. Умуман санъатнинг турларини санаш учун бармоқлар камлик қилади. Ҳар бир оилада фарзанд улғаяр экан, албатта санъатнинг бирор бир турига қизиқади. Шунга қобилияти бўлиши ҳам мумкин. Ота-она фарзандининг нимага қобилияти бор-йўқлигини текшириб кўриши керак. Баъзи ота-оналар учун қобилият муҳим эмас, муҳими фарзанди яхши ўқиса бўлгани.

Бу кўп ота-оналар учун одатий ҳол. Фарзанд эса фақат билим олишдан зерикади. Билим олишдан зерикса, ўқишга қизиқиши йўқолади. Шунинг учун унинг ёш ҳаётини ранг-баранг қилишда санъатдан фойдаланиш керак. Боланинг нимага қизиқиши ёки қобилияти борлиги ёшлигидан маълум бўлади. Болангиз ёшлигидан расм чизишга қизиқаяптими, демак унда шунга қобилият бор. Машиналарни бузишга ва ичида нималар борлигига қизиқаяптими, демак ихтирочиликка ёки техникага қобилияти бор. Болада бундай қобилиятларни топиш ажойиб ва завқли нарса. Афсуски, топишнинг ўзигина етарли эмас. Болани шу қобилияти бўйича йўналтириш лозим. Фарзандингиз расм чизишга қизиқаяптими, унга даставвал, керакли нарсаларни олиб беринг. Маза қилиб, чизсин, тажрибасини бойитсин. Кейин эса расм тўгарагига беринг.

Фарзандни қизиққан соҳасига йўналтириш, унинг қобилияти ривожланишига йўл очиб беришдир. Унинг интилишларини қўллаб қувватланг, ютуқларидан хурсанд эканингизни кўрсатинг. Фарзандлар ва ота-онани яқинлаштирадиган усуллардан яна бири бу санъатдир. Фарзандининг қизиқишларига қараб, ота-она бирор бир қизиқарли мусобақа уюштириши мумкин. Масалан, бутун оила биргаликда ўтириб, расм чизиш мусобақасини ўтказиши, ва бу нарса имкон қадар қизиқарли ўтишини таъминлаши керак. Кейин эса охирида ҳамма бир-бирининг расмларини баҳоласин. Мақсад фарзанднинг ишини мақташ ва уни руҳлантиришдир. Ëки бўлмаса, ота-она фарзанди билан бирга бирор нарса ясашга ҳаракат қилиши, тузатиши мумкин. Фарзанд мусиқага қизиқса, у билан бирга концертларга бориш ёки унинг севимли мусиқасини эшитиш мумкин.

Бу фикрлар жуда ажойиб. Эр-хотин ўртадаги муносабатни яхшилаши, мустаҳкамлаши учун биргаликда вақт ўтказиши керак деймиз. Кўпчилик оила мана шунга жуда яхши эътибор беради. Бироқ бутун оила билан биргаликда вақт ўтказиши ҳам муҳим. Оилангиз билан бирор жойга боришга қарор қилдингизми, бу вақт бекор кетмасин. Шунчаки бирор кафега бориб ўтириш яхши, аммо фарзанднинг қизиқишига қараб, расмлар кўргазмасига, концертга ёки мусиқий кечага, театр ва киноларга бориш фарзанднинг тасаввурини, билимини бойитади. Болангизнинг қизиқишига қараб, қаерга бориш кераклигини биргаликда танланг. Қадрли ота-оналар оила мавзусида биз билан фикрларингизни бўлишишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга киринг. Ташрифингиздан мамнун бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top