Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна ҳаво мавжларида дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Сиз учун тайёрланган эшиттиришимиз яна эфирда. Марҳамат, тинглаб ором олинг. Азизлар, келинг, бугунги суҳбатимизни бошқалар билан қандай мулоқот қилиш кераклигини ўрганишга бағишласак.
Кўпчилигимиз жуда чиройли гапиришимиз мумкин. Лекин агар ҳар бир сўзимизни ўйлаб гапирмасак, ўзимиз билмаган ҳолда суҳбатдошимизни хафа қилиб қўйишимиз ҳам мумкин. Азиз биродарлар, ким биландир муҳим нарсалар ҳақида гапирганимизда, барча кучимизни ва санъатимизни ишга солмасак, суҳбатимиз самарасиз бўлиши мумкин экан.
Кўпчилик одамлар, айниқса эркаклар, кўп гапиришни унчалик ёқтиришмайди. Уларнинг ўйлашича, кўп гаплашишдан унчалик фойда йўқ. Яхшиси, шунча энергияни бошқа фойдалироқ ишга сарфлаган маъқул экан. Ким ўз биродарини севса, шу билан бирга бошқа инсонларни ҳам севса, ҳеч қачон улар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қочмайди.
Кўпинча кимнингдир олдида айбдор шахс ёки кимнидир унчалик ёқтирмаган шахс бошқалар билан суҳбат қуришни унчалик хоҳламайдилар. Ҳикматлар китобининг 27 боби 5 оятида шундай ажойиб сўзлар бор. Марҳамат, тинглаб кўринг: “Ошкора танбеҳ, пинҳона меҳрдан яхшироқдир”.
Азиз биродар, доимо ёдимизда бўлиши керак: кимдир айнан сизнинг суҳбатингизга муҳтождир. Кимдир балки айнан сиздан яхши сўзларни эшитгиси келаётгандир. Барчамиз ҳам кимнингдир яхши сўзларига муҳтожмиз. Айниқса агар жамоатда чўпон бўлсангиз, барча жамоат аъзолари сизнинг меҳрингизга ва сизнинг ширин суҳбатингиза муҳтож бўлади.
Бундан ташқари, бирон жойда бошлиқ бўлиб ишлаётган бўлсангиз, қўл остингиздаги инсонлар билан яхши муносабат ўрнатишнинг биринчи ва энг муҳим усули — улар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Ҳозирги кунда бутун дунё масиҳийлари энг кучли жамоат — бу уй гуруҳлари деб эътироф этмоқдалар.
Нима учун шундай? Чунки уй гуруҳларида бештадан ўнтагача биродарлар бўлади. Улар йиғилиш тугаганидан сўнг бир-бири билан ўзларининг муаммолари ва хурсандчиликлари ҳақида суҳбатлашишлари мумкин экан. Шунинг учун азиз чўпонлар, ўз жамоатингиздаги биродарларни йиғилишдан сўнг гаплашиб, биргаликда чой ичишлари учун имкон қадар шароит қилишга ҳаракат қилинг.
Биродарлар бир-бири билан суҳбатлашиш орқали ўзларининг ибодат муҳтожликларини бошқаларга айтадилар ва биргаликда ибодат қиладилар. Бу эса жамоат аъзоларининг имонини янада мустаҳкамлайди. Азизлар, янаги сафар сизлар билан ҳамсуҳбат бўлгунимизча хайрлашиб қоламан. Бизга мактуб йўлланг. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.