Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Ҳар бир ота-онанинг ўзига яраша орзу ҳаваси бор. Ота-оналар нафақат ўз фарзандларини яхши тарбиялашни истайдилар.
Уларнинг бошқа орзулари ҳам бор. Масалан, ҳар биримиз ўз болаларимизни келажакда бахтли, ўзига ишонадиган ва ҳаётда ўзларининг тўғри йўлларини топа олган инсон бўлишларини ҳам истаймиз. Шундай бахтга эга бўлиш учун бир кичкинагана ишни амалга оширишимиз лозим бўлади.
Яъни болага ўз вақтида севги кўрсатиш ва ўз вақтида тўғри жазолашдир. Мана шу икки нарса доимо бир балансда бўлиши лозим. Қайси бири кўпроқ бўлса, тарозининг палласи шу томонга босиб кетиши аниқ. Кўп севги болага хаддан ташқари эркалик қилиш учун сабабчи бўлса, ҳаддан ташқари кўп ва қаттиқ жазолаш — болани ота-онадан ва ҳаётга бўлган ишончдан совитиши мумкин.
Агар севги доимо жазосиз қўлланилса, боланинг тарбиясига салбий таъсир қилиши аниқ. Ёки аксинча, жазо севгисиз бўлса, бола ўзига ишонмайдиган руҳий синиқ бўлиб ўсиши мумкин. Азизлар, болаларга масиҳийча тарбия беришнинг энг яхши усули — уларга намуна бўла олишдир. Муқаддас Китоб ҳар биримизни шунга ўргатадики, ота-онанинг бир-бирига бўлган муносабати болаларнинг тарбияси учун жуда муҳим.
Муқаддас Китобнинг Ибтидо китобида 2 боб 24 оятида шундай ёзилган. Азизлар, мен ушбу оятнинг охирги гапларини келтириб ўтмоқчиман: “… Иккови бир тан бўладилар.” Оиладаги болалар эса чақирилган меҳмонларимиздир. Булар шунчаки меҳмон эмас, балки Худованднинг бизлар учун берган буюк совғаси ҳам.
Шунинг учун уларнинг ҳурматини ўз жойига қўйиш ва имкон борича уларга яхши хизмат қилиш ҳар бир ота-онанинг асосий вазифасидир. Болалар туғилганида ҳар биримиз уларга қандай қилиб яхши тарбия беришим мумкин деган саволни ўзимизга беришимиз зарур. Болалар катта бўлгани сари бизлар ҳам улар билан биргаликда ўсиб борамиз. Ҳар бирмиз хато қилишимиз мумкин.
Аввалги хатоларимизни кўриб, бошқа такрорламаслик эса бизни ҳам ҳаёт тарбиялаётганида дарак беради. Азизлар, ҳар бир ота-она ўз боласини қанчалик руҳан кучли ва мустаҳкам имонли бўлишини истаса, Отамиз Худованд ҳар бир ота- онани ҳам худди шундай имонли бўлишини жужа-жуда истайди. Самовий Отамиз ҳеч кимни ташлаб қўймайди. Азиз биродарлар, мен сизлар билан хайрлашар эканман,
Сизларга интернет сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сайтимиздан ўзингиз учун керакли бўлган маълумотларни топишингиз мумкин. Манзилимиз: www.najot.com Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-омон бўлинглар.