Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Биз, катталар, ибодат қилишимиз керак бўлганлиги учун кўпинча эринчоқлик билан ибодат қиламиз.
Ибодат аслида ҳеч қандай жисмоний меҳнат талаб этмайди. Ҳатто ўтириб ибодат қилишга ҳам инсон дангасалик қилар экан. Ҳурматли биродарлар, Худованд хоҳлайдики, бизнинг ибодатларимиз чин юракдан ва табий бўлишини. Худога ибодат — ҳар бир масиҳийнинг ҳаётини бир бўлаги бўлиши лозим.
Кўпинча, катталарнинг ибодатига қулоқ тутганимизда, ўзларининг ҳаётларидаги камчиликларни ўзгартириш учун ёки айрим етишмовчиликлар учун ибодат қилаётганига гувоҳ бўламиз. Лекин Худованд хоҳлайдики, биз ҳали бола бўлганимиздаёқ тўғри ва имон билан ва ҳамма нарса учун ибодат қилишимизни.
Шу ўринда бир олти ёшлик бола билан содир бўлган воқеани сиз, азизларга, гапириб берсам. Шу болача ўзининг каравотида ётиб, чўнтакда олиб юрадиган қаламтараш пичоқча ҳақида орзу қилар эди. У ушбу пичоқчани олганидан кейин, ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланишни жуда-жуда истар эди.
У ёғочдан ажойиб ўйинчоқлар ясаб, ўзининг ўртоқларига совға қилишни ва ўртоқлари эса бошқа болалар билан шу ўйинчоқларни ўйнашини жуда-жуда истар эди. Албатта ўша пайтлар жуда оғир йиллар бўлган эди, пичоқ сотиб олиш у ёқда турсин, одамлар ҳатто нон сотиб олиш учун ҳам кўп меҳнат қилишларига тўғри келарди.
У бола орзуси амалга ошмаслигини билиб, фақатгина Худога илтижо қилиш кераклигини тушунди. У Худога ибодат қилиб, кичкинагина пичоқча сўради. Бола ухлаб қолганида унга полизда ўсиб ётган тарвузлар кўринди. Битта катта тарвузга эса худди у ўйлагандек пичоқча санчилиб турар эди.
Болакай эрталаб туриб, тўғри полизга қараб югуриб кетди ва тушида кўрган жойга борганида, тарвузга санчилиб турган қора сопли кичкинагина қаламтараш пичоқчани кўриб хурсанд бўлди. Болакай буни мўъжиза деб ўйламади, у мени ибодатимга Худованд жавоб берди, деб бошқаларга гапириб берди холос.
Ўша болакай барчамизга яхши таниш бўлган Жорж Вашингтон Карвер эди. Азизлар, Раббимиз Исо Масиҳ шунинг учун ҳам болалардек бўлинглар, деб айтган эди. Ҳурматли ота-оналар ва биродарлар, болаларни ҳали ёш бўлган пайтиданоқ Худога яқинлашишига имкон берайлик.
Уларга имон билан ибодат қилишлари учун Худованднинг нималарга қодир эканлиги ҳақида сўзлаб берайлик. Бу ҳар бир катта масиҳийларнинг Худо олдидаги жавобгарлигидир. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, мактубларингизни кутиб қоламан. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинглар.