Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга, манзур бўлмоқда.
Муқаддас Китобда шундай ёзилган оят бор, яъни: “Мен бу ердаман! Мен эшик олдида турибман ва тақиллатяпман”. Кўпчилик биродарларимиз ибодатни Худовандга муаммоларимизни ҳал қилиш учун қилинадиган, айтишимиз керак бўлган ечимнинг бир йўли, деб ўйлаймиз.
Аслида ибодат — Худо билан чин юракдан гаплашишдир. Масалан, бола ўз отаси билан қандай ҳурмат юзасидан гаплашса, биз ҳам Худованд билан худди шундай гаплашишимиз керак. Худовандга аниқ бир белгиланган вақтда ибодат қилиш шарт эмас.
Биз Худога қаерда ва қачон хоҳласак ҳам ибодат қила оламиз. Масалан, Эски Аҳд китобида Дониёр белгиланган вақтда ибодат қилган. Лекин сиз билан биз истаган пайтимизда Худога мурожаат қилишимиз мумкин. Дониёрда эса ўзига яраша айрим сабаблари бўлган эди.
Биз Худога ибодат қилганимизда, Исо Масиҳнинг сиз билан мен учун қилган қурбонлигини қабул қилиш учун биз Худога ишонч билан, бизда нажот борлигини билган ҳолда ибодат қиламиз. Шу нажотни бизга Худованд ато этган. Азиз радио тингловчи биродар,
Агар ҳозир кимдир ўз юрагига Раббимиз Исо Масиҳни қабул қилмоқчи бўлса, шунингдек, Ундан барча гуноҳларингиз учун кечирим сўрамоқчи бўлаётган бўлсангиз, қуйида сиз учун ибодат намунасини таклиф қилмоқчи эдим.
Азиз дўстим, ушбу ибодатни сиз ўз сўзларингиз билан чин юракдан айтишингиз мумкин. Айнан мен таклиф қилган сўзларни сўзма-сўз қайтариш шарт эмас. Чунки барибир ҳозир эслаб қолишингиз бироз мушкулроқ.
Муҳими, Раб Исодан кечирим сўраб, Уни юрагингизга чақириб қабул қилсангиз ва юрагингизни эшигини У учун очсангиз бўлгани. Марҳамат: “Қадрли Худойим, менга бўлган севгинг ва муҳаббатинг учун раҳмат. Мен Сендан кечирим сўрайман, чунки Исо Масиҳ инсоният ва мен учун қурбон бўлди.
Мен ҳаётимнинг ва юрагимнинг эшигини очаман ва Исо Масиҳни менинг Эгам ва Нажоткорим деб қабул қиламан. Мени янги одам қил. Менга бераётган абадий ҳаётинг учун ва Ўзинг билан бўлган муносабат учун раҳмат. Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламан. Омин”. Азиз дўстим, шу ибодат Худованд билан гаплашиш ва Ундан кечирим сўрашдир. У энди сизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Азиз биродар, агар сизда қандайдир саволлар бўлса, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Хайр, омон бўлинглар.