2:56

Уй гуруҳлари 29

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродар,

Бугунги уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимиз орқали уй гуруҳлари етакчиларига баъзи бир маслаҳатларни бериб ўтишни ўзимизга лозим деб билдик. Ҳар бир уй гуруҳидаги етакчилар аввалом бор ўзларидан кейин қоладиган шогирдларни тайёрлашлари лозим.

Шуни ёдимизда тутишимиз керакки, ҳар биримиз тайёрлаётган шогирдлар бу бизларнинг шогирдларимиз эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдларидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир шогирдларимизга Худованднинг кўзи билан қараш жуда муҳим.

1 Коринфияликларга мактубининг 11 боби 1 оятида шундай ажойиб оятни ўқиб кўрайлик: “Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар.” Ушбу гапни гапирган авторнинг гапларидан қандайдир мақтанчоқлик ёки мағрурликни сезишимиз мумкинми?

Менимча, асло ундай эмас. Сабаби, биз масиҳийлардан ҳеч биримиз Раббимиз Исо Масиҳдек комил ҳаёт кечира олмаслигимиз аниқ. Балки орамизда кимдир шундай мукаммал ҳаёт кечиришга ҳаракат қилаётгандир. Шундай бўлса, бундан фақатгина хурсанд бўлишимиз керак.

Ахир халқимизда ”ҳаракатда баракат” деган ажойиб нақл бор. Шу билан бирга аслида шогирдларимиз Рабимиз Исо Масиҳнинг шогирдлари эканлигини доимо ёдимизда тутишимиз керак.

Етакчи руҳан қандай бўлса ва оиласида ўзини қандай тутса, нафақат шогирдлар, балки бутун уй гуруҳидаги аъзолар ҳам худди шундай бўлиши аниқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир етакчи ушбу гуноҳкор дунёда жуда эҳтиёткорлик билан ҳаёт кечириши лозим.

Азиз биродар, агар Раббимиздек яшашга ҳаракат қилар эканмиз, ҳеч қачон шогирдларимизни йўлдан адаштирмаймиз. Ҳеч қачон ўзингизни бошқа инсонлар билан солиштирманг. Доимо Раббимиз Исога ўхшашга ҳаракат қилинг. Шунда бизнинг руҳан ўсишимиз ажойиб ривожланиб боради.

Худди Раббимиз каби камтар, барчани бирдек сева оладиган ажойиб етакчи бўла оласиз деб, сиз, азиз биродарни, ишонтира оламиз. Азизлар, шогирдларингиз учун ҳамда гуруҳ аъзолари учун доимо ибодатда бўлиш асло ёдингиздан чиқмасин.

Ҳурматли радио тингловчилар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Ушбу сайтимизга ташриф буюриб, ўзингиз учун ажойиб маълумотларни оласиз, деб умид қиламиз. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top