Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, дастуримни бошлашдан аввал, сизга шуни маълум қилмоқчиман. Бордию ибодат эхтиёжларингиз бўлса, бизга бу хақда мактуб йўлланг. Биз сиз учун эфир орқали ибодат қиламиз. Мактубларингизни эса dilkash@najot.com ёки бўлмаса www.najot.com сайтимизга кириб хабар қолдиринг. Азизлар, бугунги ибодатни мен тирикчилик қийинчиликларига бағишламоқчиман. Ибодат қилишдан олдин, келинг, Муқаддас Калом бизга бу хақда нима дейишини кўриб чиқсак. Луқо хушхабарининг 12чи бобига назар ташласак, қуйидаги оятларни кўришимиз мумкин.
Исо шогирдларига яна деди: «Бинобарин, сизларга айтаманки, нима еймиз, деб жонингиз учун, нима киямиз, деб танингиз учун ташвишланиб юрманглар. Жон овқатдан, тан эса кийимдан аълодир. Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари ва на қўрхоналари бор. Шунга қарамай, Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан нақадар қадрлисизлар! Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳза бўлсин узайтира олар экан? Бу қадар кичик ишни қилишга қурбингиз етмас экан, бошқа нарсалар ташвишини қилмоқ не даркор?
Пиёзгулларга қаранглар, улар қандай ўсади! Улар меҳнат ҳам қилмайди, чарх ҳам йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто подшоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам буларнинг биридай кийинмаган эди. Бугун бор бўлиб, эртага ўчоққа ташланадиган дашт ўтига Худо бундай зеб берган бўлса, сизларни ундан кам кўрармикин, эй имони сустлар! Нима еймиз, нима ичамиз, деб қайғуриб юриб безовта бўлманглар. Дунё халқлари ҳадеб бу нарсаларнинг пайида юрадилар. Лекин сизларнинг Отангиз буларга муҳтож эканингизни билади-ку! Сизлар яхшиси Худо Шоҳлиги пайида бўлинглар ва қолгани сизга насиб этади.
Ха азизлар, бу Раббимиз Исо Масихнинг шогирдларига қарата айтилгандир. Бу эса бизга хам таълуқлидир, чунки биз хам Исо Масихга имон келтириб, Унга хаётимизни топширганмиз. Азизлар, келинг, қўлимизни очиб ибодат қилсак. Азизлар, истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз хеч хижолат бўлманг, чунки Исо Масихнинг биринчи шогирдлари хам ибодат қилишни билишмаган. Истасангиз кетимдан қайтаринг. Энг мухими ибодатингиз имон билан айтилса бас. Имон билан айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Азиз Отажон, бизга нажотни берганинг учун муқаддас исмингни улуғлайман. Худойим, Сен бизни шу қадар севдингки, хатто ягона зотинг, бегунох хазрати Исо Масихни биз гунохкорлар учун қурбон қилдинг. Худойим, хақиқий фарзандларинг сифатида Сени хаётимизнинг тахтидан жой олишингни истаймиз. Худойим, нима еймиз, нима ичамиз ва нима киямиз деган саволлар бизни қийнамасин, аксинча, вужудимиз ва борлиғимиз фақат Сенинг шохлигинг пайида бўлсин. Барча кучимиз ва харакатларимиз Сенинг севгинг хақида одамларга айтишга ишлатилсин. Худойим,фақат Сен Ўз Сўзинга содиқсан, фақат Сен барча берган вадаларингни устидан чиқасан. Худойим, кунимиз иноятинг билан бошланиб, иноятинг билан якунлансин. Сенинг муқаддас номинг янада улуғлансин Худойим. Омин.