3:36

Эркак ва аёлнинг яратилиши. Олам гунохсиз ва пок эди

MP3

Ассалому алайкум азиз ради тингловчи ака ука ва опа сингиллар. Муқаддас Каломни ўрганишга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, ўтган сафарги дастурда, биз сиз билан қахрамонимиз Илхомни сафарга кузатдик. Ундан ташқари мен сизга фикр юритиш учун баъзи саволларни берган эдим. Сиз буни ёдингиздан чиқармадингиз деган умиддаман. Азизлар, бугун биз Муқаддас Каломнинг Таврот китобини кўриб чиқамиз. Аниқроғи Тавротнинг иккинчи бобидаги баъзи оятларни ўқиб фикр юритамиз. Осмон билан ернинг яратилиш тарихи мана шудир. Худованди Карим еру осмонни бунёд этган эдию,  лекин ҳали ерга ёмғир ёғдирмаган ва ерни ишлаш учун одам ҳам яратмаган эди. Ер юзида ҳеч қандай дашт бутаси ва ҳеч қандай дала гиёҳи ҳам ўсмаган эди. Фақат ердан буғ кўтарилиб, бутун ер юзини суғориб турар эди. Ўша пайтда Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади.

Шу йўсинда одам тирик жон бўлди. Худованди Карим шарқ томонда, Адан ўлкасида боғ ўтқазиб, Ўзи ясаган одамни у ерга қўйди. Шундай қилиб, Худованди Карим одамни Адан боғини ишлаб парвариш қилиши учун у ерга жойлаштирди. Худованди Карим одамга буюриб деди: «Сен бу боғнинг ҳар бир дарахтидан еявергин. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан». Яна Худованди Карим: «Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, энди унга муносиб мададкор яратаман», – деди. У тупроқдан ҳар хил дашт ҳайвонини, кўкда учувчи ҳар хил паррандани ясади ва уларга от қўйиш мақсадида одамнинг олдига келтирди. Одам эса ҳар бир жонли махлуққа от қўйди ва ўша махлуқнинг оти шундай бўлди. Одам ҳамма чорва туёқларига, ҳамма осмон паррандалари ва дашт ҳайвонларига от қўйиб бўлди, аммо одамга мувофиқ мададкор топилмади.

Шунда Худованди Карим одамни қаттиқ уйқуга мубтало қилди. Одам ухлаб қолгач, унинг қовурғаларидан биттасини олди ва ўрнини эт билан қоплади. Одамнинг қовурғасидан Худованди Карим бир хотин барпо қилиб, уни одамнинг олдига олиб келди. Шунда одам: «Мана, энди бу суяк менинг суякларимдан, бу эт менинг этимдандир. У хотин киши деб айтилади, зероки у эр кишидан олинган», – деди. Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар. Одам билан хотини эса қип-яланғоч бўлиб, бир-биридан уялмас эдилар. Азизлар, бу оятлар устидан фикр юритиш бизга анча фойда бериши табиийдир. Бу Муқаддас Калом дарсида, ўрганганларингизни мустахкамлаш мақсадида, сизга баъзи саволлар устидан фикр юритиб, жавобларингизни оламан деган умиддаман. Саволлар қуйидагича. Худо одамни яратиб, унга қандай маъсулиятни берди? Худо нима учун Одам атога ёрдамчини берди?

Ахир, Жаннат боғида шунча жониворлар бор эдику, нахотки улар Одам атога ёрдамчи бўла олмас эди? Шуни айтингчи, Одам ато ва Мом хаво қип яланғоч юрар эди, нима учун улар бир биридан сира уялмас эди? Ха, жуда қизиқ саволлар. Азизлар, бордию Муқаддас Каломга эга бўлмасангиз, хеч хижолат бўлманг. www.najot.com сайтимизга кириб сиз бемалол Муқаддас Каломнинг онлайн шаклини олсангиз бўлади. Ундан ташқари, дастурларимизнинг хам электрон шаклида ўқисангиз бўлади. Жавобларни эса, dilkash@najot.com электрон манзилимизга йўлланг. Хабарларингизни кутиб қоламиз. Хайир. Худойим барчангизни Ўз панохида асрасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top