Ассалому алайкум. Хоҳишлар, истаклар, орзулар буларнинг бари инсон табиатига ҳос нарса, ҳар биримиз барча орзу – истакларимиз амалга ошишини истаймиз. Хоҳиш бу шунчаки оддий истак эмас. Бу юрагимиз тубидатиларининг амалга ошишини истайдиган чуқур бир муҳтожлик. Хоҳишларимизни сўз билан ифодалаш учун ибодатдан фойдаланамиз. Хоҳиш ибодатни ҳаракатга келтиради. Хоҳиш қанчалик кучли бўлса, ибодат ҳам шунчалик кучли бўлади. Хоҳишсиз ибодат ҳам маъносиз ва қуруқ бўлиб қолади. Гарчи юрагимиз тубида ибодат қилишга ундайдиган хоҳиш бўлмаса ҳам, ибодат қилишимиз шарт. Ҳа, айнан ўша хоҳишни уйғотиш учун ибодат қилишимиз керак. Ибодат қилиш биз истасак ҳам истамасак ҳам биз имонлиларнинг кундалик одатига айланиши керак.
Бу дунёда яшар эканмиз, танавий ва руҳий хоҳишларимиз бўлиши тайин. Танавий хоҳишларимиз баъзан руҳий хоҳишларимиздан устун бўлиб қолади. Тана учун кийим, озиқ-овқат ва яхши шароитни истаймиз. Аммо бу нарсалар руҳий хоҳиш олдида ўз аҳамиятини йўқотади. Муқаддас Каломнинг Матто китоби 5 боб 3 оятида шундай ёзилган: «Исо уларга таълим бериш учун оғзини очиб деди: — Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.» Ўйлаб кўринг, камбағал одам Худодан ўзига нима сўрайди? Етарлича озиқ-овқат, кийим кечак, яхши бошпана сўрайди, тўғрими? Исо Масиҳ айтганидай, «руҳан камбағал бўлганлар-чи?» Улар ўзларига нима сўрайдилар? Руҳан камбағал бўлганлар, Худодан доимо Унинг ҳузурида бўлишни, руҳий озиқ-овқатни, кучли имонни ва руҳий камбағалликдан узоқроқ бўлишни сўрайди.
Руҳан камбағал бўлганлар шунчаки сўрамайди, кучли хоҳиш, истак, оловли иштиёқ билан сўрайди. Руҳий хоҳишга эга бўлмаган одам Масиҳийча ҳаётига бўлган қизиқишини, иштиёқини йўқотади. Калом уни аввалгидай завқлантирмайди, Исо Масиҳнинг Нажоткор эканлиги ҳам маъносиздай, бўлиб қолади. Бошқа имонлилар билан учрашишга ошиқмайди. Илоҳий иштаҳа йўқолиб, шунчаки оддий дунёвий одамга айланиб қолади. Илоҳий хоҳишлар қалбни жонлантиради, янгилайди. Янгиланган қалб эса, Худонинг адолатига интилади, бундай руҳий хоҳиш қайноқ ва кучли ибодатни яратади.
Руҳий хоҳиш шунчаки оддий хоҳишдан бутунлай фарқ қилади, у иштиёқи кучли, оловли хоҳиш бўлади. Қалбингизда шундай оловли хоҳиш борми? Қай биримиз яқин ўртада Худодан бирор нарсани кучли хоҳиш ва иштиёқ билан сўраганмиз?
Қалбимизда иштиёқнинг йўқлиги, хоҳишларимиз йўқлигига далолат. Бу эса қалбимизда Худонинг йўқлигини билдиради. Агар эътибор қилган бўлсангиз, бугунги кунда кўпгина масиҳийларнинг қалби совуган, юракларида Худога жой қолмаган. Турли ҳаётий ташвишлар Худони қалбларидан сиқиб чиқарган. Энди эса ҳаётий муҳтожликларнинг бошқаруви билан қаерга кетаётганларини ҳам билмайдилар. Бугунги кун масиҳийсига кучли иштиёқ, руҳий олов ва қайноқ хоҳиш етишмайди. Биласизми, Худо биздаги икки нарсага тоқат қилолмайди: иккиюзламачилик ва илимилиқликка. Ваҳий китобида Худо шундай дейди: «Сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан. О, қани энди ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг! Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун сени оғзимдан чиқариб юбораман.» Ўз туйғуларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимиз орқали биз билан боғланинг.