3:24

Худонинг иши

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Худо билан бирга бўлишни, унинг ҳузурида туришни истамайдиган имонли топилмаса керак. Худога интиламиз-у, аммо ўз одатимиздан, инсоний табиатимиздан воз кечгимиз келмайди. Бу табиатни табиий деб қабул қиламиз. Бошқалардан ҳам шуни кутамиз. Ҳеч эътибор берганмисиз, нега ҳамманинг эътиборида бўлган катта сиёсий шахслар ёки машҳур кишилар бундай даражага эришишади? Буларда нутқ, ташқи гўзаллик, тадбиркорлик, олғирлик бор. Мана шундай болаларнинг атрофида дўстлари ҳам кўп бўлади. Оддий кийинган, бирор бир камчилиги бор, унчалик кўримли бўлмаган боланинг атрофида кимдир парвона бўлганини кўрганмисиз? Йўқ. Бу ҳақида гапирар эканман, ёшлигим ёдимга тушди. Биз билан бир синфда ўқийдиган Шавкат исмли бола бор эди. Ҳамма уни ўзидан узоқлаштирарди, унчалик яхши ўқимасди, тоза кийинмасди ва энг камбағал оиладан эди.

У бола ўзини бирор бир даврага қўшишга ҳаракат қилса, даврадагилар уни рад қилар ва ундан қочар эдилар. Мен унга ачинардим, аммо бошқалар олдида мен ҳам ундан ўзимни олиб қочардим. Бошқалардан ажралиб қолишни истамасдим. Бугунги кунда ҳам инсон табиати асло ўзгармаган, ҳатто масиҳийлар ҳам бундан мустасно эмас. Худонинг қандайлигини билиб туриб ҳам, ўз табиатидаги, Худонинг назарида жирканч бўлган сифатларидан воз кечмайдилар. Бугун ҳам ким кўркам, сўзга чаққон, ақлли бўлса, ўшанинг атрофида парвона бўлишади. Холбуки, атрофда Худонинг назари тушишга арзигулик, бошқа оддий кишилар ҳам бор.

Бир оилада ногирон фарзанд дунёга келди. Бола 7 ёшга тўлганида, ҳар доимгидай доктор кўригидан ўтказиш учун касалхонага олиб келишди. Касалхонадан чиққач эса, хиёбонда бироз ўтириб ҳордиқ чиқаришмоқчи бўлишди.

Ота у бу нарса сотиб олиш учун узоқлашди. Она китоб ўқишга берилди. Бола эса атрофга беғубор нигоҳини қадаган, болакайнинг тўғрисидаги ўриндиққа бир жулдур кийимли ва ёқимсиз ҳид аниқиб турадиган бир уйсиз бугунги кун Лазари ўтирди. Бола унга тикилиб туриб, аста ўрнидан қўзғалди, танасини тик туриб туролмаса ҳам астагина бугунги кун Лазарининг олдига яқинлашди. Болакай унинг олдига бориб, уни меҳр билан қучди. Лазар боладан буни кутмаганди. Шу заҳоти она боласининг нима қилаётганини кўриб қолди. Ота ҳам қўлида музқаймоқ тутганча, боласининг қилган ишига қараб турарди. Лазар ҳам кўзида ёш билан болани қучди ва кўзларини артиб: «Мени шу пайтгача ҳеч ким билан қучмаган эди», — деди. Бу ҳаркати билан бола ҳамманинг тенглигини, ҳамма Худонинг марҳаматига, назарига лойиқ эканлигини кўрсатди.

Оддий, соғлом одам ҳеч қачон бундай жулдур кийимли кишини қучоқлашни истамайди, буни ўзига ор деб билади. Мана шу бизнинг инсоний табиатимиздаги қусурларимиздан бири. Мана шу нарсаларни англаган ҳолда улардан воз кечишни истамаймиз. Муқаддас Каломдаги бой билан Лазар ҳақидаги ҳикоя ёдингиздами? Бу ҳикояни Исо Масиҳ бекорга айтмаган эди. Худо биз инсонлар каби ишламайди. У бизнинг ақл-идрокимизга сиғмайдиган ишларни қилади. Фақат мўъжизалари эмас, унинг бошқа ишларини ҳам ақлимизга сиғдира олмаймиз. Ўша ногирон болакай ҳам, Худонинг сифатидан, назаридан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилди. Энг ақлли, Муқаддас Каломни ёд олган энг нуфузли чўпоннинг ҳам бу нарсага ақли етмаган бўларди. Чунки у ҳам инсоний табиати бўйича иш кўради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top