3:24

Менинг Отам

MP3

Мен Хушхабарни олтинчи синф бўлганимда эшитгандим. Ўшанда қандай ҳолатда эканим ёдимда. Келинг, бошидан айтиб бера қолай. Мен эсимни таниганимдан буён отамни соғинаман. Отамни яхши эслай олмайман. Элас-элас унинг бўй-бастини кўз олдимга келтираман. Онамнинг айтишига қараганда, отам ўлганида 4-5 ёшлар атрофида бўлган эканман. Мактабга бордим. Синфдошларим отаси ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришганида, мен ҳеч нарса деёлмасдим. Онам эрталабдан кечгача ишда бўлар, акам эса уйланган, янги келин бизга кун бермасди. Онам эса келинойимизнинг қилиқларини билмасди. Келинойимизнинг буюрган ишларини қилмасам, акамга айтиб мени урдирарди. Бир куни онам ишдалигида келинойим, менга тандирга ўт қўйишни буюрди. Мен бўйим етмайди, бир ўзим эплай олмайман, деб айтганини қилмадим. У эса қўлидаги калтаги билан мени ура бошлади.

Шу пайт узоқда турадиган аммам келиб қолди. Мен ўзимни аммамнинг қучоғига отдим. Аммам келинга нима дейишини билмай узоқ туриб қолди. Кейин эса онам келгач, мени олиб кетиб, ўзига қиз қилиб олишини айтди. Онам ҳам қаршилик қилмади. Мен келинойим ва акамдан узоқда яшашимдан хурсанд эдим. Шундай қилиб 6 синфни аммамникида бошладим. Аммамнинг қизлари борлигини билардим-у, аммо уларни яхши танимасдим. Бир куни аммамнинг иккинчи қизи билан ҳовлида бирга иш қилдик. У билан узоқ вақт турли хил мавзуда суҳбатлашдик. Шундан кейин у билан яхши чиқишиб қолдик. Опам, яъни аммамнинг иккинчи қизи турмушга чиққан ва ҳар-ҳар замонда келарди. Ҳар сафар келганида, менга қизиқ-қизиқ ҳикоялар айтиб берарди. Бу ҳикоялар қадимда бўлиб ўтган, ҳақиқий бўлган воқеалар, дерди у.

Бир куни менга рангли чиройли китоб берди. Ўқиб чиқиб, фикрингни айт, — деди. Кейинги сафар келгунига қадар, мен бу китобни уч марталаб ўқиб чиқдим. Бу китоб жуда қизиқарли шу билан бирга бироз илоҳийдек эди. У китоб мени ўзига тортарди. Кейинги сафар келганида яна узоқ суҳбатлашдик. Мен отамни соғинишимни, бошқалардек отам бўлмаслигидан ўкинишимни айтдим. Опам эса истасам, Отамни яна топишимни айтди. Мен жуда ҳайрон қолдим. Кейин эса Муқаддас Каломни олиб, Худо ва Исо Масиҳ ҳақида жуда қизиқарли ва аниқ қилиб гапириб берди. У Каломдан ўқир экан, назаримда каломда қандайдир сеҳр бордек, туюларди. Айниқса, менга Худони Ота деб чақиришимиз мумкинлиги жуда ёқди.

Каломдаги бир оят менинг юрагимда ўрнашиб қолди: «Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужрангга кир ва эшикни бекитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди.»(Мат 6:6). Ўша куни Исо Масиҳни Раббим ва Нажоткорим, деб тан олдим. Шундан сўнг, Отам йўқ деб ўкинмайдиган, соғинчдан қийналмайдиган бўлдим. Ҳозир турмуш қурганман. Иккита фарзандим бор. Опам менинг сирдошим ва дўстим. У билан тез-тез учрашишнинг иложи йўқ, аммо ҳамма жойда ҳозир-у, нозир бўлувчи, ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Отам доимо ёнимда. Мен унинг фарзанди бўлганимдан хурсандман.

Азизлар бу бир замондошимизнинг гувоҳлиги эди. Сиз Худо ҳақида нима дея оласиз? Худо сизнинг ҳаётингизда қандай мўъжизалар ва ишлар қилмоқда, бу ҳақида биз билан бўлишинг. Бизнинг манзилимиз www.najot.com ва dilkash@najot.com.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top