Ассалому алайкум. Биз ёшлигимизда Форс шоҳлари Кир ва Доро ҳақида тарих ва адабиёт китобларидан ўқиганмиз. Ёшлигимиздаги тасаввурларимиз ва билимларимизга кўра, уларни ёвуз, деб тасаввур қилганмиз. Бироқ яқинда бир нарсага амин бўлдим. Худо ҳар қандай имонсиз ва ёмон кишиларни ҳам Ўз иродаси йўлида, фарзандларининг фойдаси учун ишлата оларкан. Қандай қилиб дейсизми? Яхшиси бугун Форс Шоҳи Кир ҳақида бермоқчи бўлган маълумотларимизни диққат билан тингланг. Бу маълумотлар мени ҳайратга солганидай, сизни ҳам ҳайратга солиши шубҳасиз. Кир эрамиздан аввалги тахминан 536 йилларда Форс шоҳи бўлган. Кир ҳақида гапиришдан олдин эрамиздан аввалги 586 йилларда Бобилда ҳукмронлик қилган Навухадназар ҳақида бир маълумотни келтириб ўтайлик.
Калом бу ҳақида шундай дейди: «Бешинчи ойнинг еттинчи кунида, Бобил шоҳи Навухадназар шоҳлигининг ўн тўққизинчи йилида Бобил шоҳининг амалдролари…. Эгамизнинг уйига, шоҳ саройига ва Қуддусдаги ҳамма нуфузли одамларнинг ҳашаматли иморатларига ўт қўйди…. Бобилликлар Эгамизнинг уйидаги бронза устунларни, арафаларни, бронза ҳовузни парчалаб, ҳамма бронзани Бобилга олиб кетдилар. Эгамизнинг уйида хизмат пайтида ишлатиладиган идишларни – қозонларни, куракларни, қайчилар ва куракчаларни, барча бронза ашёларни ҳам олиб кетдилар. Бобиллик Набизарадон тоза олтин ва кумуш оловкуракларни, лаганчаларни, ҳамма олтин ва кумуш буюмларни олиб кетди.» (4 Шоҳ 25:8-9, 13-15).
Худо яҳудий халқининг гуноҳлари учун етмиш йил қулликда яшашини башорат қилган эди. Бироқ Форс шоҳи Кир ҳукмронлигининг биринчи йилида, Худо унинг юрагини яҳудий халқига нисбатан юмшоқ қилиб қўйди. Кир ўз қўл остидаги сарҳадларига шундай хабар юбориб, нома ёзди: «Осмон Худоси Эгамиз менга ернинг ҳамма шоҳликларини берди ва Қуддусда Унинг учун маъбад қуришни тайинлади. Орангизда кимда-ким яҳудий бўлса, уларнинг ўз юртига, Қуддусга кетишига рухсат бераман. Ўз юртига қайтиб Исроилнинг Худосига атаб Қуддусда маъбад қуришсин. Ҳозирда менинг салтанатимда яҳудийлар билан бирга яшаётганларга эса буюраман, Қуддусдаги Худо маъбадининг қурилиши учун яҳудийларни кумуш, олтин ва хайвонлар билан ҳамда, кўнгилдан чиқариб назрлар билан таъминлашсин.» (Эзра 1:2-4).
Худо Форс шоҳи Кирнинг юрагида ишлаб, уни яҳудийларни ўз юртига Қуддусдаги маъбадни қайта тиклашга жўнатди. Худо Яҳудо ва Бенямин оқсоқолларини, бир гуруҳ руҳонийлар ва Левийларни ўз юртига қайтишга ва Қуддусдаги Худо маъбадини тиклашга ундади. Форс шоҳи Кир буюрганидай, уларнинг атрофида яшаётган қўшнилари Қуддусга йўл олаётган яҳудийларга тилла, кумуш буюмлар, совғалар, ҳайвонлар ва кўнгилдан чиқариб назрлар билан кузатиб қолишди. Ундан ташқари Кир бир пайтлар Бобил шоҳи Навухадназар томонидан Қуддусдан олиб келинган маъбадга тегишли анжомларни ҳам қайтариб берди. Кирнинг ҳазинабони Митрадат ҳамма анжомларни яҳудия шаҳзодаси Шешбазарга қайтарди. Исроил халқи ўз туғилиб ўсган шаҳарларига Зарубобил, Ëшуа ва бошқа кишилар йўлбошчилигида қайтдилар. Худо қулликда қолган халқини унутмади. Азиз тингловчи бу каби антиқа маълумотларни фақат бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимиздан топасиз.