MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Кесария шаҳри Буюк Ҳирод томонидан эрамиздан аввалги 25 асрларда бошланиб, эрамизнинг 13 йилларида қуриб битказилган. Уни Қайсар Август шарафига Кесария деб атади. Тез орада бу шаҳар денгиз порт шаҳрига айланди. Уни Яҳудиянинг Рим ҳукмронлиги остидаги пойтахти қилиб тайинлашди. Мана шу пойтахт шаҳар Кесарияда Корнилий исмли бир одам бор эди. У Римликларнинг қўл остидаги «Итальян» деган полкда юзбоши бўлиб хизмат қиларди. Калом уни шундай тасвирлайди: «У бутун хонадони билан Худодан қўрқадиган бир одам эди. Халққа кўпдан-кўп садақа бериб, доимо Худога ибодат қиларди» (Ҳав 10:1-33). Каломда ёзилишича, бир куни у ваҳий кўради. Ваҳийда Худованднинг фариштаси унга шундай дейди:

Нарратор 2 «- Қилган ибодату садақаларинг Худо ҳузурида ижобат бўлди. Энди Яффага одамлар юбориб, Петр лақабли Симон деган кишини олдингга чақиртир. У уйи денгиз бўйида бўлган Симон исмли кўнчиникида меҳмон бўлиб турибди. Унинг сенга айтадиган сўзларидан ўзинг билан бутун хонадонинг нажот топасизлар. Фаришта кетгандан сўнг, Корнилий хизматкорларидан иккисини ва унинг хусусий вазифадори бўлган диндор бир аскарни чақирди. Уларга ҳамма нарсани тушунтириб, Яффага жўнатди.» Корнилийнинг хизматкорлари кўнчиникига келар экан, Петр ҳам ваҳий кўрди. Худо ваҳийда унга маъжусийларга ҳам хушхабар айтиши кераклигини уқтирди. Эртаси куни Петр келганлар билан бирга Кесарияга келди. Бу пайтда Корнилий эса ўз қариндошлари ва яқин дўстларини бир жойга тўплаб, уларни кутиб турарди.

Нарратор 1 Петр ичкарига кирганда, Корнилий уни қаршилаб, оёқларига йиқилиб сажда қилди. … Ичкарига киргач, Корнилий тўпланганларга бўлган воқеани айтиб, Петрга юзланди: «…ҳайрият келганинг яхши бўлди-да. Энди Худо сенга буюрган сўзларнинг ҳаммасини тинглаш учун биз барчамиз бу ерда Худонинг ҳузурида ҳозирмиз.» Петрнинг сўзларидан кейин йиғилганларнинг ҳаммасига Муқаддас Руҳ тушиб, турли тилларда Худони улуғлашди. Шундан сўнг, Петр уларни Исо Масиҳ номи билан чўмилтиришни буюрди. Шундай қилиб, Корнилий ва унинг бутун хонадони имонга келди.

Бу воқеадан, Корнилийнинг Римлик бўлишига қарамай, яҳудийларнинг Худосига ишонишини, ишонгада ҳам чин дилдан сажда қилишини билиб олдик. У Каломда ёзилган ҳамма амрларга амал қилишга ҳаракат қилиб келган, кўнгли юмшоқ, ибодатни, садақани канда қилмайдиган бир киши бўлган.

Нарратор 2 Бу одамнинг Исо Масиҳ ҳақида эшитган эшитмагани бизга номаълум. Аммо Исо Масиҳ ҳақида эшитган бўлса керак деган таҳминлар бор. Чунки ўша даврда Исо Масиҳнинг келиши, ишлари ва хочга михланиши, катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Шундай бўлса ҳам ҳали, Исо Масиҳнинг нима учун ер юзига келгани ҳақида бирор бир маълумотга эга бўлмаган Корнилий, ваҳийда фариштани кўриб, фариштанинг унга айтган сўзларига биноан иш тутди. У художўй, меҳрибон киши бўлиши билан бирга, ўзи яхши билмаган Худога итоаткор ҳам эди. У бутун оиласи, қариндошлари ва дўстларини ҳам йиғиб, Худонинг каломини эшитишга тайёр бўлиб турарди. Римликларнинг полкида юзбоши бўлган бўлса-да, Худонинг сўзини эшитишга вақт топди. У Худонинг унга Петр орқали сўзлашини кутди, Худо гапирди ва у Худо айтганларига амал қилди. Биз ҳам ундан ўрнак олиб, Худонинг бизга айтмоқчи бўлган сўзларини эшитишимиз ва уларга амал қилишимиз лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top