MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Муқаддас Каломдан номлари жой олган шунча кўп одам борки, уларнинг ҳар бири, ҳаётимиз учун ўрнак бўла олади. Бугун бева аёл ва унинг Исо Масиҳга бўлган муносабати ҳақида гаплашамиз. Унинг Исо Масиҳга бўлган муносабати ҳақида билишдан олдин, Каломдаги ана шу парчага назар ташласак:

«Орадан кўп ўтмай, Исо Наин деган шаҳарга кетди. Кўплаб шогирдлари ва анча халқ У билан бирга юришар эди. Исо шаҳарнинг дарвозасига яқинлашганида, бир бева аёлнинг яккаю ягона ўғли ўлигини кўтариб чиқаётган эдилар. Тумонат шаҳар аҳолиси у аёлни ўраб олган эди. Раббимиз Исо онани кўргач, унга раҳми келиб: — Йиғлама! – деди. У ёндашиб, тобутга қўл тегизди. Тобуткашлар тўхтаб қолишди. Исо: — Эй йигит, сенга айтяпман: тур ўрнингдан! – деди. Ўшанда ўлик ростланиб ўтирди-да, гапира бошлади. Исо уни онасига топширди» (Лука 7:11-15).

Нарратор 2 Энди бир бошдан нима бўлганини кўриб чиқайлик. Тасаввур қилинг, Исо ўз шогирдлари ва орқасидаги тумонат одам билан Наин деган шаҳарга яқинлашиб қолди. Шаҳар ичидан эса бошқа бир тумонат одам дарвозадан чиқаётган эди. Улар бир бева аёлнинг яккаю ягона ўғлини тобутга солиб кўмиш учун олиб чиқишаётган эди. Қолганлар эса йиғидан ўзини тўхтата олмаётган, ёлғиз ўғлининг ўлганига чидай олмаётган беванинг атрофида унга далда бериш учун келишаётган эди. Албатта аёлнинг аҳволини тушуниш қийин эмас. Эри йўқ. Бир ўғли билан яшаётган аёл энди ўғлидан ҳам айрилиб ўтирибди. Шу тобда унинг кўзига ғам-аламдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Ўзингиз тушунасиз, бундай пайтда инсоннинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди.

Нарратор 1 Раббимиз Исо Масиҳ онани кўргач, унга раҳми келди. Ҳа, она Исони кўргани йўқ. Она ҳеч кимни кўраётгани йўқ эди. У қаттиқ қайғуда эди. Исо Масиҳ эса унинг аҳволига ачиниб, унга раҳми келди. У бева аёлга нима деди? «Йиғлама» — деди. Бу билан Исо Масиҳ нима демоқчи эди?! Мен сенга азоб бермайман, аксинча сенга азоб берган нарсанинг сабабини йўқ қиламан – демоқчи эди. Аёл буни тушундимикан? Ишончим комил-ки, аёл Унинг нима демоқчи эканини тушунмаган. У Исо Масиҳга ҳеч нарса демади. Бирор нима демоққа ожиз эди. Балки у умуман Исо Масиҳ ҳақида билмагандир. У ҳақида ҳеч нарса эшитмагандир. Агар эшитган бўлганида, Исони кўрган заҳоти Унга ялинган бўларди.

Нарратор 2 Парчанинг энг қизиқ жойи ҳам мана шунда. Аёл Исони чақирмади. Ундан ёрдам сўрамади. У билан ҳеч қандай муносабатда бўлмади. У шунчаки ўз ғами, қайғуси билан овора эди. Бироқ Исо Масиҳ унинг аҳволига ачиниб, аёлга ёрдам беришга қарор қилди. Бугунги кунда ҳам шундай бўладими? Албатта бўлади. У ўзгармаган ва ўзгармайди. Баъзан биз ҳам худди шу бева аёл каби Исо Масиҳга юзланишни унутиб қўямиз. Фақат ўз қайғумиз билан овора бўлиб, Худога юз буриб, Ундан ёрдам кутиш яхшироқ экани ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бироқ Худовандимиз меҳр-шафқатли, У раҳмдил. У бизнинг қайғули кўз ёшларимизни артиб, «Йиғлама» — дейди. Қандай яхши. Аммо бева аёлдан бизнинг фарқимиз шуки, биз Худони биламиз. Қийин дамларда Унга юз тутиш кераклигини биламиз. Азизлар сиз ҳам бу каби кишиларнинг ҳаётидан ўрнак олишни истасангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top