MP3

Нарратор 1 «Сенинг қорнингда иккита халқ бор, ичингдан иккита эл айрилиб чиқажак. Бир халқ иккинчисидан зўр чиқиб, каттаси кичигига қул бўлажак!» (Ибт 25:23).

Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз Эсовлар ҳақида бўлади. Эсовлар деяётганимиздан ҳайрон бўлаётгандирсиз. Суҳбатимиз давомини эшитсангиз, бунга ўзингиз амин бўласиз. Иброҳим пайғамбарнинг неваралари Эсов билан Ëқуб эгизак эдилар. Улар ҳали Ривқонинг қорнида бўлганидаёқ талашишган экан. Бу воқеа қандай бўлганини Каломдан ўқиб билиб оламиз: «Ривқонинг ой куни тўлиб, туғиш вақти келди, кўрсаки, қорнида эгизаги бор экан. Биринчи туғилган боланинг бутун танаси қизғиш ва пўстиндек сержун эди. Шу туфайли унинг исмини Эсов қўйдилар. Кейинроқ унинг укаси онаси қорнидан чиқаётганида, у акаси Эсовнинг товонини қўли билан ушлаб турган эди.

Нарратор 2 Шунинг учун унга Ëқуб отини бердилар.» (Ибт 25:24-26). Эсов ўсиб катта бўлиб, тоғ-тошда юрадиган, ов қилишни яхши кўрадиган одам бўлиб етишди. Ибронийларнинг одатига кўра, тўнғич ўғил отасининг меросидан энг катта улуш олиш, отасининг дуосини, марҳаматини олиш ҳуқуқига эга бўлган. Аммо тўнғич бўлиш ҳам осон эмас. Тўнғичликнинг маъсулияти катта бўлади. Муқаддас Каломда Эсовнинг Ëқубни шавласини егунгача бўлган ҳаёти ҳақида унчалик аниқ маълумот йўқ. Аммо бу маълумотларни унинг айтган гапларидан тахмин қилишимиз мумкин. Исхоқ Эсовнинг овга ўч бўлгани учун яхши кўрган. У ўғлининг кучли, моҳир овчи эканлигидан фаҳрланган, ҳақиқий эркак деб ҳисоблаган бўлса керак. Ëқуб эса аксинча, чодирда яшовчи беозор одам эди. Эсов нега тўнғичлигини сотди? Бунга Каломдаги парчадан жавоб топамиз.

Нарратор 1 «Бир куни Ëқуб шавла пиширган эди. Эсов даладан чарчаб келиб, Ëқубга: — Менга ейишга шу қизилидан бер, ана шу қизилидан! Мен жуда чарчаб кетдим, — деди. Шу сабабли у Эдўм деб ҳам ном олди. – Ҳозирнинг ўзида менга тўнғичлигингни сот! – деди Ëқуб. Эсов: — Мен жонимни нуқул ҳовучлаб юрсам, тўнғичликдан менга нима фойда? – деди. Ëқуб: — Ҳозирнинг ўзида менга қасамёд қил! – деди. Ўшанда Эсов Ëқубга қасамёд қилиб, ўзининг тўнғичлигини унга сотди. Ëқуб эса Эсовга нон ва ясмиқ шавла берди. Эсов еди, ичди ва туриб кетди. Шундай қилиб Эсов ўзининг тўнғичлигини хўрлаб ташлади» (Ибт 25:29-34). Худо Эсовга тўнғич бўлиш бахтини берган эди. Тўнғич сифатида у отасининг бойлигидан энг катта улуш олиш ҳуқуқига, отасининг энг олий марҳамати, дуосини олишга ҳақли эди.

Нарратор 2 Аммо тўнғичликнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор эди. Эсов мана шу қийинчиликларни кўп кўриб, келгусида тегадиган улушни ҳам дуони ҳам унутди. У кўпроқ тўнғичликнинг қийинчилигига эътиборини қаратган кўринади. Шунинг учун ҳам уни осонгина биргина қорнини тўйғизиш эвазига сотиб юборди. У ўйламай иш қиладиган, Худонинг марҳаматини оёқ ости қиладиган одам эди. Бугун ҳам орамизда Эсовлар топилади. Худонинг бизга берган имкониятини писанд қилмасак, Унинг бизга берган вазифаларини ўзимизга кўп кўрсак, келажакда бизга бериладиган мукофотлардан ҳам марҳаматлардан ҳам Эсов каби қуруқ қолишимиз шубҳасиз. Эсов ҳақидаги суҳбатимизни кейинги сафар батафсилроқ давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top