MP3

Нарратор 1 «Ўшанда Эсов қасамёд қилиб, ўзининг тўнғичлигини унга сотди. Ëқуб эса Эсовга нон ва ясмиқ шавла берди. Эсов еди, ичди ва туриб кетди. Шундай қилиб Эсов ўзининг тўнғичлигини хўрлаб ташлади» (Ибт 26:33-34).

Ассалому алайкум. Ўтган сафар Эсовнинг қорин тўйдириш эвазига ўз тўнғичлигини сотгани ҳақида суҳбатлашган эдик. Эсов тўнғичликнинг қадрига етмади. Худо берган марҳаматни, тўнғичлик шарафини оёқ ости қилди. Калом унинг бу ишини шундай таърифлайди: «Шундай қилиб, Эсов ўзининг тўнғичлигини хўрлаб ташлади». Хўш, ундан кейин унинг ҳаёти қандай кечди? У аввал бошданоқ қийинчиликни ёқтирмайдиган, ўйлаб иш қилмайдиган одам эди.

Нарратор 2 Сўзнинг қудратини билмаган Эсов Ëқубга тўнғичлигини сотиш учун қасамёд қилди. Мана шу қасамёддан сўнг Худо тўнғичликни ва баракани ҳаммасини Ëқубга ўтказди. Исҳоқ ўлими олдидан тўнғичи Эсовни дуо қилиши керак эди. Бу шунчаки оддий дуо эмас, чин дилдан чиқадиган, Худонинг муҳри босиладиган, илоҳий кучга эга бўлган дуо эди. Эсов бу дуонинг муҳимлигини англамади. Унга бефарқ қаради. Фақат тўнғичликнинг қийинчилигига эътиборини қаратган. Шунинг учун ҳам Ëқуб унинг дуосини ўғирлади. Тўнғичлигини осонгина сотиб туриб ҳам, дуога лойиқман деб ўйлади. Унинг бу қилган ишидан Исҳоқ хабар топмагани аниқ. Бу қасамёд фақат ака-ука орасида бўлиб ўтган ҳолос. Агар Исҳоқ буни билган бўлганида, дуони Ëқубга берган бўларди. Укаси унинг дуосини ўғирлаганини билгач, укасидан жаҳли чиқди. Уни ўлдирмоқчи бўлди.

Нарратор 1 Тўнғичлигига, ичган қасамига бепарво қараши натижалари кейин кўрина бошлади. Одатда одам бир хато қилиб қўйса, хатосида бошқаларни айблайди. Эсов ҳам шундай қилди. Ўзининг қилган гуноҳига Ëқубни айбдор санади ва ундан ғазабланди. У тўнғич бўлса-да, отаси Исҳоқнинг Худоси, Эгамизнинг иродаси ҳақида ўйламасди. У ўзининг овчилигидан бошқа нарса ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаган. Балки бунда Исҳоқнинг ҳам айби бордир. Чунки одатда, фарзандларнинг Худо ҳақида яхши маълумотга эга бўлиши, Худони ҳурмат қилиб, Унга сиғиниши оталарга боғлиқ. Аммо, тўнғич бўлиб отасининг Худоси ҳақида қизиқиб кўрмаган кўринади. Шунинг учун ҳам Эсов бутпараст Ҳетийлардан уйланган. Ҳетий хотинлари ҳам Эсовни Худодан яна ҳам узоқлашишига сабаб бўлгани аниқ.

Нарратор 2 Ичган қасами туфайли тўнғичлиги укаси Ëқубга ўтиб кетди. Дуоси ҳам унга насиб бўлди. Энди отасининг бутун яхши ниятлари жамланган, чин дилдан қилинган ва Худонинг муҳрига эга бўлган дуоси укасига ўтганди. Бундай бўлишига фақат унинг ўзи айбдор эди. Мана шундан кейин, у тўнғич сифатида эмас оддий одам сифатида кун кўришига тўғри келди. Тўнғичлик дуосини ололмаганликда отасини ҳам айблади. Буни Каломда ёзилганлардан билиб олсак бўлади. «Эсов эса Канъон қизлари отаси Исҳоққа ёқмаганини билиб, Иброҳим ўғли Исмоилнинг олдига борди ва аллақачон олган хотинлари устига Исмоилнинг қизи, Навойўтнинг синглиси Маҳолатни ўзига хотинликка олди». Мана шу оятдан у ўзининг қилган иши учун ўзидан бошқа ҳаммани айбдор санаганини билишимиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top