Ассалому алайкум азиз ради тингловчи мухлислар. Яна сиз азиз дўстларимиз билан соғ-саломат радиомиз қаршисида учраша олганимиздан бағоят хурсандмиз. Оилангизга тинчлик тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз.
Раббимиз Исо Масиҳ Самога кўтарилиб кетганидан сўнг, Ўзининг пайғамбарлик ишларини ер юзида Муқаддас Руҳ орқали олиб бормоқда. Раб Исо Ўзидан сўнг ерга ёрдамчи ҳақиқат Руҳини юборишга, ва у шогирдларни ҳақиқат йўлига бошлашини айтиб ўтган эди.
Муқаддас Руҳ уларга келажак ҳақида олдиндан гувоҳлик беради. Шунингдек, барча Раббимизга ишонган одамлар ва Муқаддас Руҳ ичида яшаётган имонлилар Масиҳ ҳақида бутун дунёга гувоҳлик беришлари керак.
Шу ҳақида Муқаддас Китобнинг Юҳанно китобининг 14 боби 26 оятида ҳамда 15 боби 26 ва 27 оятларида, шунингдек, 16 боб 13 оятдан 15 оятгача бўлган жойларида аниқ айтиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Раббимиз Исо Масиҳнинг барча айтиб ўтганлари келажак авлодгача етиб бориши учун Муқаддас Руҳ барча ҳаворийларни, бошқа масиҳийларни каломни ёзаётган пайтларида руҳлантириб турган эди.
Агар каломингизни Юҳанно китоби 14 боби 26 оятини ўқиб кўрсангиз, бундан ташқари, 2 Бутрус китобининг 3 боби 15 ва 16 оятларини ўқиб кўрсангиз, шу ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишингиз мумкин. Муқаддас Руҳ нафақат ибодатхоналарда, балки барча имонли биродарларнинг ҳаётларида Ўзининг фаолиятини олиб бормоқда.
Муқаддас Руҳдан Масиҳ ҳақидаги ҳақиқатларни очиб беришини сўрасангиз У, албатта, ҳар биримизга кўп ҳақиқатларни ўргатиши мумкин. Римликларга мактубининг 8 боби 15 ва 16 оятларидан шу ҳақида ўқиб билиб олишингиз мумкин. Раббимиз Исо Масиҳ дунёга келганидан бошлаб, У ҳақидаги барча ҳақиқатлар аста- секин амалга оша бошлаган эди.
У ҳақида кўплаб одамлар, дин арбоблари тинмай гапира бошлашганди. Бу эса ҳақиқатдан ҳам Исо Масиҳни Ким эканлигидан далолат бериб турар эди. Исо Масиҳ ер юзига келганидан кейин барча одамларни ҳақиқат сари бошлаб бориши, Худога бўлган одамларнинг ишончини янада мустаҳкамлаб, Худони рад этганларга тирик Худо ҳақида гапириши керак бўлган.
Исо Масиҳ Ўзининг олдига қўйилган ушбу вазифани ва бошқа топшириқларни аъло даражада амалга оширди. Шунинг учун бугунги кунда кўплаб одамлар нажотга эга бўлишмоқда. Ҳурматли биродарлар, эшиттиришимизни якунлашдан аввал сизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам.
Албатта, сизлардан фикр ва таклифларингиз битилган мактубингизни кутиб қоламиз. Манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродар.