2:59

Худонинг сўзи 106

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Муқаддас китоб бу — инсонлар учун Худованд томонидан юборилган каломдир. Каломни ўқишдан мақсадимиз қандайдир янгиликлар яратиш эмас, балки, Худованд билан инсонлар орасидаги алоқани янада мустаҳкамлашдир. Баъзида телевизор орқали турли хил кўрсатувларга гувоҳ бўламиз.

Ушбу кўрсатувлар орқали инсонлар ўзлари билган-билмаган фикрларни Муқаддас каломга асосланмай бемалол гапираверишади. Натижада одамлар орасидаги иккиланиш янада ортиб боради. Шунинг учун, азиз радио тингловчи биродар, фақатгина қўлингизда тутиб турган Худонинг Муқаддас каломига ишонинг ва шу каломга асосланиб гапиринг. Биз телевизор орқали берилаётган кўрсатувларнинг барчаси ҳам нотўғри, деб айтишни истамаймиз.

Чунки ҳақиқатга асосланган баъзи кўрсатувлар ҳам йўқ эмас. 2 Бутрус китобининг 1 боби 20 ва 21 оятларини биргаликда ўқиб кўрсак: “Энг аввал шуни билингларки, пайғамбар китобларида учрайдиган башоратларнинг бирортаси ҳам бировнинг хусусий тафсирига боғлиқ эмас. Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар.”

Шундай қилиб Муқаддас калом икки авторга эга, деб айтишимиз мумкин. Биринчиси ва энг муҳими бу — Муқаддас Руҳ, иккинчиси эса бу — пайғамбарлар. Шунинг учун бу китобни инсонларга Худо томонидан юборилган муқаддас калом деб айтамиз. Муқаддаслиги шундаки, Худонинг Ўзи жуда муқаддас. Шунинг учун ҳам Ундан ажралиб чиқадиган ҳар қандай нарса ҳам муқаддас ҳисобланади. Каломни ёзилишида иштирок этган пайғамбарлар умуман бир-биридан катта фарқ қилишган.

Масалан, Ишаё пайғамбар катта куч ва ўзига хос қудрат билан ўз китобларини баён этган бўлса, шоҳ Сулаймон жиддий ва инсонларни ўйлантирадиган даражада ўз китобларни баён қилган. Худди шунингдек, услубларни Янги Аҳд китобида ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан, Луқо ва Марк ёзган китобларни ўқиганимизда, иккисининг ўртасида умуман ўхшашлик бўлмаганини кўрамиз. Худованд Ўз каломини берганида, ҳеч бир пайғамбарда қандайдир менеджер ёки котибалари бўлмаган.

Лекин Худованд уларнинг ёрдамисиз ҳам Ўз каломини жуда ажойиб бўлиб ёзилишини таъминлай олган. Эски Аҳд китобини ҳам, Янги Аҳд китобини ҳам ўқиб кўрганимизда ҳеч қандай хатоларга дуч келмаймиз. Бу шундан дарак берадики, Худованд ўзининг сўзларини ва ёрдамчиларини ҳар хил нотўғри таълимотлардан ҳимоя қила билади. Азиз биродарлар, шу ерда сизлар билан хайрлашиб, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини яна бир бор эслатиб ўтиш ниятидама: www.najot.com хайр, соғ-саломат бўлинг, азиз тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top