3:08

Болаларнинг ўсишига ёрдам 205

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдорман. Ҳурматли ота-оналар, бугунги эшиттиришимиз орқали Худованд болаларимизнинг ҳаётида қандай ишлаяпти ва болаларнинг Худованд билан ўртасидаги муносабатлари ҳақида гаплашсак. Кўпчилик болалар Худо бу — севги Худоси эканлигини билмайдилар. Баъзи пайтларда ота-оналар ёки ўзлари Худонинг Кимлигини яхши билмаганликлари учун, ёки бўлмаса болаларга Худонинг севгиси ҳақида кам гапирганлиги учун, болаларимиз Худованднинг севгиси ҳақида кам билишади.

Болалар эса Худонинг буюклигини ва севгисини ҳамда қудратли Худо эканлигини яхши билишлари керак. Айрим ота-оналарнинг катта хатолари шундан иборатки, агар болалар ўзлари билмаган ҳолда қандайдир айбли ишларни қилиб қўйсалар ёки ёлғон гапирсалар: мана, энди Худо сани кўзингга кўрсатади, энди Худо сани қаттиқ жазолайди, — деб қўрқитиб қўйишади. Бунинг натижасида эса болалар Худодан нафақат узоқлашадилар, балки Худовандни севадиган Худо деб эмас, жазо берувчи Худо деб тушуниб боришади.

Тўғри, Худо Ўзининг севганларини ҳам тўғирлаш учун баъзида жазолайди. Лекин Унинг севгиси кўпроқ аҳамиятга эгадир. Азиз биродарлар, биз болаларга гапирганимизда шундай деб айтишимиз керак: Худо гуноҳни ёмон кўради, гуноҳкорларни эса севади. Шунинг учун гуноҳ иш содир этган пайтингда шу заҳотиёқ Худованддан кечирим сураб ибодат қил, деб айтишимиз керак. Худовандга доимо топиниш мумкин, Уни бор кучинг билан севишга ҳаракат қил, деб ўргатиш -ҳар бир ота-онанинг вазифаси.

Ҳозир севги деган сўз дунёда унчалик ҳам катта аҳамиятга эга эмас. Чунки одамлар бир-бирларидан унчалик кўп севги тополмайдилар. Айниқса Худовандни таниб билмаган оилаларда ота-оналарнинг бир-бирларига бўлган севгилари ҳамда ўзларининг фарзандларига бўлган севгилари унчалик ҳам сезилмайди. Одамлар бошқаларга севги беришдан кўра, олишни кўпроқ кутадилар. Шундай экан, болаларимизга аввалом бор ота-оналик севгимизни беришга ўрганайлик. Агар болалар Худованд уларни қанчалик севишларини билсалар, улар ҳам ўз ўрнида Худони севишга ҳаракат қиладилар.

Албатта, бу худди шартли севгига ўхшаб қолади. Лекин шу орқали болаларни нимагадир ўргата олишимиз мумкин. Азизлар, агарда Худованд биз гуноҳкор инсонларни севмаганида, ҳеч қачон нажот ҳақида ва абадий ҳаёт ҳақида гапирмаган бўлардик, чунки ҳеч қандай Хушхабар ҳам бўлмасди. Яхшиямки, Худованд ҳар биримизни севди. Унинг кўрсатган ушбу меҳрибончилиги учун раҳматлар айтайлик. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сизларнинг ҳар бирингизга тинчлик-омонлик сўраб қоламан. Шу билан бирга, азизлар, ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини сизларга яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, ушбу манзилга ўзларингизнинг таклифларингизни ва ибодат муҳтожликларингизни ёзиб юборишингиз мумкин. Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top