3:04

Руҳий ғалаба 166

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинларида ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамизга шукроналар айтамиз. Азиз биродарлар, биз биламизки, шайтон масиҳий биродарларни йўлдан оздириш учун барча усулларини қўллаб кўради. Масиҳийларни турли шароитларда синаб кўради. Кимдир ҳаддан зиёд бойиб Худони ёддан чиқариб юборса, яна кимдир камбағаллик сабаб Худони айблаши мумкин. Энди бир муҳим савол пайдо бўляпти: “Қандай қилиб мен шайтоннинг ушбу ҳийлаларига қарши тура оламан?” — деган савол.

Гап шундаки, шайтонинг барча ҳийлаларига Худонинг инояти билан инсон қарши тура олади. Бунинг учун, албатта, биринчи навбатда инсоннинг ўзида катта хоҳиш бўлиши керак. Масалан, Эфесликларга мактубини 6 боби 13 оятини ўқиб кўрайлик. Жумладан у жойда шундай дейилади: “Шу сабабдан ёмон кунда қаршилик кўрсата олишингиз учун Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтаринглар, токи бутун тадбиркорлик билан иш тутиб, ўрнингизда тура олинглар”. Азиз биродарлар, шайтоннинг ҳужуми пайтида бор диққатингизни шайтоннинг қилаётган ишларига эмас, аксинча, сиз унга қарши нималар қила олишингизга қаратинг.

Барча спортчилар ҳам рақиби билан куч синашишга чиққанларида, албатта, ғалаба қиламан деган катта умид билан даврага чиқадилар. Агарда “эҳ, майли, барибир ютқазаман” деган фикрда даврага чиқсалар, ўзи ўйлаган вақтдан ҳам олдин мағлуб бўлиши аниқ. Азиз радио тингловчи биродарлар, шайтон сизга қарши қандай режаларни тузмоқда ва у сизнинг ҳаётингизда кандай ёвуз ишларни амалга оширмоқчи — буларни билишга ҳаракат қилиб ўтирманг, чунки барибир шайтон ҳеч кимга ўз режаларини айтиб ўтирмайди.

У қўққисдан ўз ҳужумини бошлаб юборади. Муҳими, доимо ҳар биримиз Худованднинг берган қурол-аслаҳалари билан жанг қилишга тайёр туришимиз кераклигидадир. Азизлар, агар шу айтганларимиз билан рози бўлсангиз, демак, сиз шайтон билан жанг қилишга тайёрсиз. Албатта, биринчи галда қиладиган ишимиз — ибодатдир. Чунки ибодат — ҳар бир масиҳий биродарнинг ҳаётидаги энг муҳим ҳимоя қуролидир.

Минг афсус билан айтишимиз мумкин. Кўплаб замонавий масиҳий биродарлар шайтонга қарши қандай кураш олиб боришни билмайдилар. Шундай бўлсада, ўзлари билганича жанг қилишга отланадилар. Натижаси ҳақида эса гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бундай пайтда нималарни эътиборга олишимиз ва нималарни билишимиз керак бўлади? Албатта, биринчи галда Худонинг каломини яхши билишимиз керак. Эсингизда бўлса, Раббимиз Исо Масиҳ ҳам шайтон томонидан синовдан ўтиш учун чўлга олиб борилганида, У барча саволларга Худонинг сўзи билан жавоб берган эди.

Натижада Раб Исо ғолибликни қўлга кирита олди. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизниг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга, яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top