Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз биродарлар, айрим масиҳий биродарларнинг ҳаётига эътибор берсангиз, умуман Худо билан яшаётганига ишонаолмайсиз. Улар фақатгина ибодатхонада яхши, солиҳ масиҳийдай кўринишга ҳаракат қиладилар. Ҳатто ўзларидаги муаммоларни ечимини қидиришга ҳам ҳаракат қилмайдилар. Бундай ҳаёт шайтонга жуда манзур бўлади. У, албатта, шундай инсонларни тезда озодликка қўйиб юборишни асло истамайди.
Балки кўпчилигимиз уларнинг асли кимлигини ва қандай имонга эга эканлигини ҳеч қачон билолмаслигимиз ҳам мумкин. Чунки улар бу ҳақида бошқаларга гапиришни ёқтирмайдилар. Бундай ҳолат бошқа ҳақиқий масиҳий биродарларнинг ҳам ҳаётига ўз таъсирини ўтқазиши мумкин. Шунга қарамай, агар кимнингдир Масиҳга нолойиқ ҳаётидан хабардор бўлсак, албатта, уларга Худонинг каломини ўрганиб тушунишларида ёрдам беришимиз керак. Кимнингдир озод бўлишида, албатта, Худованд бошқа бир инсонни ишлатади. Шайтон кўпчилик масиҳийларнинг ҳаётида яширин ишларни олиб боради. У доимо қандайдир гуноҳ ишларни бошқалардан яширишимизга чорлайди.
Азиз биродарлар, агар кимдадир яширин гуноҳ ишлар бўлса, бу билан кимга хизмат қилаётганиннгизни тушуниб олишингизни хоҳлардик. Шайтонга ўзининг ишларини сиз орқали амалга оширишига ёрдам беришдан кўра, Раббимиз Исо Масиҳга қулоқ тутиб Муқаддас каломда ёзилганларини бажаришга ҳаракат қилайлик. Азизлар, бошқа масиҳий биродарларнинг олдида очиқ бўлишга ҳаракат қилинг, уларнинг сизга кўрсатмоқчи бўлган ёрдамини қаршилик қилмай қабул қилишга ўрганинг. Аслида руҳий жангда Худонинг мақсади қандай? Агар сиз: “эй, шайтон, мен бугун сени ва менга қарши олиб бораётган барча ишларингни боғлайман”, — деб айтсангиз, бу қуруқ гап бўлиб қолади ва сизнинг ҳаётингизда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.
Аввалом бор сиз Худованднинг олдида кечирим олиб, Унинг сизга жанг қилиш учун берган барча қурол-аслаҳалари билан қуролланинг. Биринчи қилишингиз керак бўлган иш эса — Худованднинг олдида ростгўй бўлинг. Белингизни ҳақиқат камари билан маҳкам боғланг. Азиз биродарлар, агар ҳар бир масиҳий ўзининг ҳаётини бутунлай Худовандга топширса, шайтонда сиз билан жанг қилишга ва сизни мағлуб қилишга ҳеч қандай имконият қолмайди. Бағишлаш орқали эса Худовандни улуғлаган бўламиз. Масиҳийлик ҳаётингизда иккиюзламачилик ҳаёт кечирманг. Худованд иккиюзламачилардан нафратланади.
Азиз биродарлар, агар кимдадир гуноҳ ишлар бўлса ва шу кунга қадар яширин гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлса, бугун ҳозироқ Худовандга илтижо қилиб кечирим олишга ҳаракат қилинг. Худованд кечиримли Худо. Албатта, Худованд ростгўй, пок масиҳийларни марҳаматлайди. Мен бунга ишонаман. Азиз биродарлар, бугунги мавзуимизни шу жойда якунлаб, сизлар билан хайрлашиш ниятидаман. Ундан аввал сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчи.