3:28

Худонинг сўзи 96

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азизлар, яна сизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали бўлса-да соғ-саломат учраша олганимиз учун Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Азиз биродарлар, ҳар бир инсон ҳаётда кўплаб хатолар қилади. Лекин шу қилган хатоларини тушуниб етадиган инсонлар бор, шу билан бирга умуман қилган ишларидан афсусланмайдиган инсонлар ҳам бор. Ҳаётда хатоларга йўл қўйган инсонлар кўпинча: “эҳ, шуни қилмаганимда эди” деган жумлани тез-тез ишлатсалар керак. Ҳар биримиз эски ҳаётимизда йўл қўйган хатоларимизни эслаганимизда, айнан шу юқорида келтириб ўтган жумлани айтсак керак.

“Эҳ, минг афсус шу ишни қилмасам бўларкан” ёки бўлмаса “эҳ, бошида йўқ деб, рад жавобини берсам бўларкан”, бундан ташқари “эҳ, вақтида ота-онамга қулоқ солсам бўларкан” деган жумлаларни ҳар биримиз бир марта бўлса ҳам ишлатганмиз. Агар инсон ўз хатоларини вақтида англаб охиригача тушуниб етса ва шу хатоларини бошқа такрорламаслиги учун жон куйдириб ҳаракат қилса, буни нимаси ёмон? Баъзида шундай хатолар қиламизки, бир умр ёдимиздан чиқмайди. Афсуслар билан эслаб ортда қолган хатоларимизни ўзгартиришнинг иложи бўлмай қолмайди. Ҳар бир инсоннинг ҳаётидаги энг катта хатоси бу — ўз вақтида Худованд билан ярашмаслиги деб биламан.

Худованд билан ярашган пайтимизда У ҳар биримизнинг барча хатоларимизни ва содир қилган гуноҳларимизни ювиб ташлайди. Худованд инсонга кечирим берганидан сўнг унинг хатоларини бошқа эсламайди. Фақатгина шайтон доимо инсонларга ҳужум қилиб эски ҳаётимизни ва хатоларимизни эслатиб туради. Шундай вақтларда ҳар биримиз Раббимиз Исо Масиҳга умид боғлаб мустаҳкам имонда тура билишимиз жуда муҳим. Муқаддас каломда Юсуф ҳақида гапирилган. Ҳар биримиз Юсуфнинг ҳаёти қандай тарзда ўтганидан хабардормиз. Агар Юсуф ҳам: “Эҳ, агар мен акаларим олдида шунча кўп мақтанмаганимда эди,” деб афсусланганида ва руҳан чўкиб келажакка умид боғламаганида, балки биз ҳозир Юсуф ҳақида гаплашмаётган бўлармидик.

Лекин Юсуф келажакка умид билан қаради, эски ҳаётида содир бўлган барча хатоларини, шу жумладан акаларининг хатоларини эсламасликка ҳаракат қилди. У ўзидаги барча муаммоларини Худога топшириб Ундан умид қилди, ўз навбатида Худованд Юсуфни марҳаматлади. Кимдир шундай гапни айтган экан: “Омаднинг келиши абадий эмас, омадсизлик эса ўлимдан дарак эмас”. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худованд билан бирга юриш, Унга бўйсуниш инсонни кўплаб хатолар содир этишдан ва гуноҳ қилишдан сақлайди. Чунки Масиҳга ишонувчи ҳар бир инсоннинг ичидаги Муқаддас Руҳ хато ва гуноҳ содир этмаслик учун юрагимизга гапиради, доимо огоҳлантириб туради.

Азизлар, хатога йўл қўймай муқаддас ҳаёт кечиришга ҳаракат қилайлик. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернет сайтимизнинг манзилини сизларга эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top