Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Ҳар бир муаммони ва қийинчиликларни чегараси бор. Худованд ҳеч қачон Ўзининг фарзандлари азоб чекишига изн бермайди. Ҳаворий Павлуснинг айтишича, биз масиҳий инсонлар ҳар томонлама сиқувга олинамиз, лекин мажақланмаймиз.
Азиз биродарлар, ҳаворий Павлуснинг айтган гапларидан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, масиҳий биродар билан нимадир содир бўлса, яъни қандайдир кулфатга дучор бўлса ёки ҳаётида қандайдир муаммоларга дуч келса, албатта, буларни барини бошқаларга етқазиши керак, яъни бошқа биродарлар ибодат қилиши учун. Азизлар, ҳеч қачон сиз билан содир бўлган муаммоларни ўзингизни ичингизга ютишга ва ҳеч кимга билдирмай юришга ҳаракат қилманг. Бундай сокинлик, албатта, сизнинг имонингизга ўз таъсирини ўтқазишга ҳаракат қилади.
Масалан, кимгадир кучада кучук ташланмоқчи бўлиб тишларини қайраб югуриб келаверса, сиз ўзингизни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай чора кўрмасангиз, албатта, у ўзини сиздан кўра кучлироқ деб билади ва сизни албатта тишлаб олишга ҳаракат қилади. Лекин сизга югурган пайтда сиз ҳам ўзингизни ҳимоя қилиш мақсадида қўлингизга нимадир олиб уни ҳайдашга ҳаракат қилсангиз ва унга қарши чиқсангиз, у қочишга ҳаракат қилади. Албатта, имонимизда ҳам шунга ўхшаш вақтлар бўлиб туриши аниқ. Шайтон сизга қарши ҳар хил йўллар билан ҳужум қилишга ҳаракат қилиб кўради.
Сиз Худованднинг ёрдами билан унга қаршилик қилмасангиз, ҳатто Худони ёрдамга чақирмасангиз у, албатта, ўзини ўйлаган режасини сизда амалга оширишга ҳаракат қилиб кўради. Масиҳий биродарга қаршиликлар бўлган пайтда баъзида унга чидаш қийин бўлади. Ҳатто кимнингдир маслаҳатлари ҳам кулгули туюлиши мумкин. Азиз биродар, бундай пайтни худди эски автомобилни металлоломга топширгандек гап десак бўлади. Агар кўрган бўлсангиз, эски автомобиллар металлоломга топширилганидан сўнг, унинг устига оғир юк билан босилади, яъни прессланади. Шундай оғир юк худди муаммога дуч келган масиҳий биродарни ҳам устидан босиб тургандек бўлади.
Албатта, бундай пайтда шу оғир юкни қандай қилиб бўлса-да олиб ташлаш йўлларини топиш лозим. Бунинг ягона йўли эса Раббимиз Исо Масиҳни ёрдамга чақиришдир. Худованд билан астойдил бўлган инсонга ҳеч ким қаршилик қилолмайди. Ундай инсон ногаҳон чуқурликларга тушиб ҳам кетмайди, чунки Худованд барчасини олдиндан унга айта олади, ҳар бир инсонни ҳаётини тўғри бошқара олади. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, барчангизга Худованднинг тинчлиги ёр бўлсин, деб қоламан. Шу билан бирга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сиз, азиз биродарларга яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.