Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радиоэфир орқали ғойибона бўлса-да учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Сизлар билан “Дилкаш” радиоси. Азиз радио тингловчи биродарлар, агар ёдингизда бўлса, ҳаворий Павлус руҳий жангда қандай қуроллар билан қуролланишимиз кераклигини айтган эди. Албатта, ҳар қандай жангда инсоннинг бош қисми катта аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳам бош қисмимизни жуда эҳтиёт қилишимиз зарур.
Албатта, бошимизга кийиб олган ҳимоя кийимимиз бизни содир бўлажак синовлардан қочиб қутилишимизга ёрдам бермайди. У бошимизга унчалик катта зарар етмаслиги учун ҳимоя вазифасини бажаради холос. Шундай қилиб, бошимиздаги ҳимоя кийими синовларни енгилроқ кечиришимизни таъминлар экан. Бизнинг замонамизда ташвишга бой бўлган одамлар турли усуллар билан бошларига келаётган синовлардан қочишга ҳаракат қилишади. Бунинг ўрнига келаётган синовларга тик туриб, уларни енгил енгиб ўтиш муаммони тезроқ ва хавфсизроқ ҳал этади, деб айтишимиз мумкин.
Ҳозирги кунда шундай таълимот кўп тарқалганки, одамларнинг онгига жуда кучли сингиб кетган. Гўёки шайтон бутун касалликларни одамларга тарқатади, Раббимиз Исо Масиҳ эса шайтоннинг ушбу ишларини барбод қилиш учун келган. Шунинг учун ҳам касалликларга шифо бериш фақатгина Худованднинг хоҳишига боғлиқ. Албатта, ушбу гапни ўқиб кўрганимизда ҳеч қандай нотўғри фикрни кўрмаймиз. Лекин яхшилаб ўйлаб кўрсак, Худованд инсонларни руҳий аҳволига қараб касалликларни даволламайди. Бир таниқли масиҳий биродар шундай деб ёзган эди: “Худованд касалликларни бизнинг руҳий аҳволимизга қараб ёки руҳан ўсишимизга қараб бермайди.”
Касалликлар масиҳийлардаги севгини, сабр-тоқатни, ишончни ва имонни синаб кўриш учун ишлатилмайди. Балки Худованд инсонларни нимадандир огоҳлантирмоқчи бўлади. Балки инсон янада гуноҳнинг туб-тубигача чўкиб кетишини истамайди. Худованд биз масиҳийларни турли йўллар билан гуноҳ ишлардан тўхтатишга уриниб кўради. У доимо ҳақ ва Ўзининг ўйлаган барча ишларини қилишга қодир. Худованд инсонларнинг гуноҳини жазолаш учун баъзи пайтларда касалликларни ҳам жўнатади. Лекин бу жуда камдан-кам содир бўладиган нарса.
Касалликлар келганида уни даволаш зарур. Ҳеч бир инсон ўзига турли касалликларни тилаб олмаса керак. Шунинг учун ҳам касалликка чалинган ҳар қандай инсон тоат-ибодат билан Худога мурожаат қилади. Ҳеч қандай касалликлар инсонга фойда келтирмайди. Ҳурматли биродарлар, касал бўлган биродарлар учун доимо ибодат қилайлик. Азиз биродарлар, ҳар биримизни Худованд турли касалликлардан асрасин деб, бугунги мавзуимизга якун ясамоқчиман. Бундан аввал сиз, азизларга, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com яна тўлқинларимизда соғ-саломат учрашгунча хайр, омон бўлинг, азиз радио тингловчи.