Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, сиз имонга келганмисиз? Яъни, буюк Нажоткор Раббимизни ҳаётингизга таклиф этганмисиз? Ундай бўлса, сиз аҳли нур бўлиб яшамоғингиз лозим. Келинг, Худонинг Каломи аҳли нур бўлиш яшаш ҳақида нима дейишини кўриб чиқсак. Эфесликларга 5чи бобда қуйидаги оятлар битилган. «Эй ухлаган, тур!
Ўликлар ичидан тирил! Масиҳ сенга нур сочар». Шундай қилиб, қандай яшаётганингизга ўзингиз диққат қилиб қаранглар. Нодонлар каби эмас, доно кишилар каби кун кечиринглар. Фурсатни ғанимат билинглар, чунки биз яшаётган кунлар – ёмон кунлар. Шунинг учун беақл бўлманглар, балки Раббингизнинг иродаси қандай эканини англаб олинглар. Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб-тошинглар.
Шу мақсадда Забур хониши, руҳий мадҳиялар ва қўшиқлар билан бир-бирингизга насиҳат қилинглар, чин юракдан Раббингизни куйлаб, ҳамду санолар ўқинглар. Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Отамиз Худога шукур қилинглар. Масиҳни ҳурматлаб, бир-бирингизга бўйсунинглар. Ажойиб оятлар. Азизлар, агар тушунган бўлсангиз, бугунги ибодатни айнан аҳли нур бўлиб яшаш учун бағишламоқчиман. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Худойим, менинг тирик Парвардигорим, бизга аҳли нур бўлиб яшашни ўргат. Муқаддас Руҳинг ёрдами билан ҳаётимизни бутунлай ўзгартириб юбор. Қандай яшаётганимизга диққат қилайлик. Нодонлар каби эмас, аксинча, доно кишилар каби кун кечиришни ўргат. Фурсатни ғанимат деб билайлик. Чунки биз яшаётган кунлар ёвуз кунлардир.
Биз доим хужумлар остидамиз, чунки Сен бизни дунёдан тортиб олдинг. Биз энди дунёга эмас, аксинча, Сен муқаддасга тегишлимиз. Шунинг учун беақл бўлмасдан, балки, Раббимизнинг иродаси қандай эканини англаб олайлик. Шароб ичиб маст бўлишдан Ўзинг бизни асрагин. Ҳеч қандай одат, ёки бирон нарса бизни бузуқликка олиб бормасин. Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Сен Отамизга шукур қилайлик. Худойим, бизни Муқаддас Руҳинга тўлдиргин. Муқаддас Руҳинг юракларимизда маскан қилсин. Худойим, ҳаётимизни шу қадар ўзгартиргинки, бизни кўрган, биз билан гаплашган одамлар Сенга шукур айтишсин. Сенинг нақадар мўжизакор Худо эканингни одамлар кўришсин. Ҳеч қандай ёвуз куч бизга таъсир кўрсата олмаслигини одамлар кўрсин.
Худойим, бир биримизга насиҳат қилишни бизга ўргат. Масиҳ бизни қандай севган бўлса, биз ҳам одамларни, қандай бўлишидан қатъий назар бизга севишни ўргат. Ҳа, Худойим, айнан одамларни беками кўст севишга ўргат. Масиҳ бизга қандай ҳизмат қилган бўлса, биз ҳам ундан ибрат олиб шундай ҳизмат қилишни бизга ўргат. Аҳли нур бўлишни биз нодонларга ўргат. Сенинг Муқаддас ва Бенуқсон номинг ила ибодат қилдик. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.