3:08

Хурсанд бўлинглар!

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, нажотга эга бўлиш нақадар ажойиб эканини ва ҳақиқий баҳтли ҳаёт қандай эканини фақат Масиҳга ҳаётини бутунлай топширган одам яхши билади. Сиз ҳаётингизни Масиҳ билан боғладингиз. Сиз энди дунёга эмас, аксинча, Худонинг муқаддас Шоҳлигига тегишлисиз. Энди сиздан баҳтли инсон бу оламда топилмасигини билиш ажойибдир. Хурсанд бўлиб яшаш биз учун табиийдир. Хурсанд бўлиб яшаш нима эканини биласизми? Бу саволга Худонинг Каломи жуда тушунарли қилиб жавоб беради. Масалан, Филиппиликларга йўлланган мактубнинг 4чи бобида ҳаворий Павлус қуйидаги оятларни келтирган. Раббингиз билан алоқада бўлиб, доимо хурсанд бўлинглар. Яна айтаман: хурсанд бўлинглар! Сизларнинг инсонпарварлигингиз барчага маълум бўлсин; Раббимиз яқин. Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар.

Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади. Хуллас, эй биродарлар, нима ҳақиқий, нима мўътабар, нима тўғри, нима соф, нима ёқимли, нима фахрли бўлса, қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли хислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилинглар. Сизлар мендан нимани ўрганиб қабул қилган бўлсангиз, нимани эшитиб, кўрган бўлсангиз, ўшани қилинглар, шунда тинчлик берган Худо сизларга ёр бўлади. Азизлар, бугунги ибодатни айнан хурсанд бўлиб яшаш учун бағишламоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки, бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, сира хижолат бўлманг, бемалол кетимдан қайтараверинг.

Худойим, бизнинг тирик Раббимиз, берган нажотинг бизга озодлик берди. Сен бизни шу қадар севдингки, ҳатто ягона муқаддас Зотингни биз учун қурбон қилдинг. Ушбу берган нажотингда хурсанд бўлиб яшашни бизга ўргат. Бошимизга келган вазятдан қатъий назар доимо хурсанд бўлиб яшашга ўргат. Бизнинг инсонпарварлигимиз барчага маълум бўлсин. Сен бизга жуда яқин бўлдинг. Бизни Ўзинг билан яраштирдинг. Худойим, бизга ҳеч нарсада ташвиш қилмасликни ўргат. Ҳар доим ибодатга ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагимизни Сенинг олдингда миннатдорчилик билан изҳор қилайлик. Сен берган тинчлик бизнинг кўнглимизни ва фикр ҳаёлимизни хотиржам қилсин. Нима ҳақиқий, нима мўътабар, нима тўғри, нима соф, нима ёқимли, нима фахрли бўлса, қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли хислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилишни бизларга Муқаддас Руҳинг орқали ўргат.

Худойим, яхши кунлардами, ёмон кунлардами, одамлар билан гаплашганда, азоб укубатга йўлиққанда доим Масиҳда, берган нажотинг хурсандчилигида доим хурсанд бўлишни бизга Ўзинг ўргатгин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top