Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Исо Масихга ҳаётини топшириб унга эргашганларнинг барчаси Униг шогирдларидир. Улар юрак йўлида Исо Масихнинг йўлини излаб, Уни дойим кўпроқ билишга, кундан кунга билимини оширишга харакат қилиб яшашади. Сизга хавола этмоқчи бўлган Калом дарси асосан Исо Масихга эргашиб, Унга хаётини бағишлаган, ва Худо хақиқатини излашга жон куйдирадиган ака-ука ва опа-сингилларга бағишлангандир.
«Мен Ўз-Ўзимдан ҳеч нарса қилолмайман. Қандай эшитсам, шундай ҳукм қиламан ва Менинг ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман. Агар Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий бўлмайди. Мен ҳақимда бошқа гувоҳлик берувчи бор ва биламанки, Унинг берган гувоҳлиги ҳақиқатдир.
Сизлар Яҳёнинг олдига одам юбордингизлар, у ҳақиқат тўғрисида гувоҳлик берди. Гарчи Мен инсоннинг гувоҳлигини қабул қилмасам-да, лекин буларни сизлар нажот топишингиз учун айтяпман. Яҳё – ёниб, нур сочиб турган чироқ эди.
Сизлар эса унинг нурида бирпас қувонмоқчи бўлдингизлар. Бироқ Мен Яҳёдан кўра каттароқ гувоҳликка эгаман. Чунки Отамнинг тамомлашим учун берган ишлари, шу бажараётган ишларимнинг ўзи Мени Отам юборганлигига гувоҳлик бермоқда.
Мени юборган Отамнинг Ўзи ҳам Мен ҳақимда гувоҳлик бериб турибди. Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини ҳам эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансизлар.
Унинг каломи ҳам кўнгилларингиздан жой олмайди, чунки У юборган Зотга ишонмаяпсизлар. Сизлар Муқаддас Битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эришамиз, деб ўйлайсизлар. Ана ўша Битиклар Мен тўғримда гувоҳлик беради. Аммо сизлар абадий ҳаётга эришиш учун Мен тарафга келишни истамайсизлар-ку. Мен инсонлардан таҳсин-тасанно қабул қилмайман. Лекин сизларни биламан, қалбларингизда Худога муҳаббат йўқ. Мен Отамнинг номидан келган бўлсам-да, аммо сизлар Мени қабул қилмаяпсизлар. Ўз номи билан келадиган аллакимни қабул қилаверасизлар. Сизлар-ку бир-бирингиздан таҳсин-тасанно олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худонинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам ишона олардингиз?
Мен сизларни Отам олдида айблайман, деб ўйламанглар. Сизларни айбловчи ўзингиз умид боғлаган Мусо бўлади. Агар Мусога ишонганингизда эди, Менга ҳам ишонар эдингизлар; у Мен ҳақимда ёзган эди. Мусонинг ёзувларига ишонмабсизларми, Менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?»
Нима учун Исо Ўзи ҳақида гапириб “Мен Яҳёдан кўра каттароқ гувоҳликка эгаман” деб айтди? Исо Битиклар деганида нимани назарда тутиб гапирди? Нима учун айблов масаласаги келганда, Исо “сизларни Мусо пайғамбар айиблайди” деб айтди? Азизлар, ушбу саволлар устида фикр юритиш одам руҳиятига анча фойда беради деган умиддаман. Бордию жавоблар билан бўлишиш истагида бўлсангиз, уларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Ундан ташқари мазкур сайтнинг Онлайн Кутубҳона бўлимига ташриф буюриб дастурларнинг электрон шаклини ҳам кўчириб олиб имкониятига эгасиз. Худо ҳақиқатларини топишда Раббим сизга ёр бўлсин. Хайр, омон бўлинг.