Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Содиқ шогирдлар деб номланган дастурга хуш келибсиз. Худонинг режасига биноан бутун оламга Хушхабарни ёйишда бутун жамоат, яъни ҳамма масиҳийлар иштирок этишлари шарт. Шундай экан, янги масиҳийларни имонда ўстириш, мураббийлик қилиш айрим одамларнинггина шахсий интилиши бўлиб қолмаслиги керак, бутун жамоат бу ишга бел боғлаши керак. “Павлуснинг Эфесликларга мактуби”нинг 4чи–бобида жамоат аъзоларининг жамоатдаги вазифалари ҳақида ёзилган. Бу бобнинг 10чи–12чи оятларида, Худо одамларга инъомлар берганлиги тўғрисида ўқисак бўлади. Худо Масиҳнинг умматини обод қилиш мақсадида, имонлиларнинг хизматга керак бўладиган ҳамма нарсани таъминлаб берди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Павлуснинг айтишича бу инъомларни Худо бизга Хушхабарни эълон қилиш учун, ёки йўлдан адашганларни тўғри йўлга солиш учун бермаган экан.
Павлуснинг гапига кўра бу инъомлар орқали биз имондаги биродарларимизни руҳлантиришимиз ва хизмати учун керак бўладиган барча таъминотини беришимиз керак экан. 13чи 14чи оятларга кўра, инъомлар орқали масиҳийлар имонда улғаишади, мустаҳкам бўлишади, сохта таълимотларга ишонувчан бўлишмайди. Агар Худо жамоатини мустаҳкам қилиш мақсадида ҳар бир имонлига инъом берган бўлса, ундай ҳолда жамоатдаги биродарларнинг руҳий ўсишига ҳар бир одам ўз ҳиссасини қўшиши шарт, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Худо берган инъомлар турличадир, шунинг учун жамоатда ҳамма ҳам бир хил ишни бажаравермайди. Ҳамма ҳам Инжилдан дарслар ўтавермайди, насиҳат ёки далда беравермайди. Ҳар бир имонли киши ўзининг инъоми орқали жамоатга хизмат қилиб, биродарларига Масиҳда етук одамлар бўлишларига ёрдам бериши керак. Шу орқали уларни ҳам хизматга чорлаб, биргаликда атрофдаги одамларга Хушхабарни эълон қилишлари керак. Масиҳ баданидаги ҳеч бир одам, мураббийлик қилиш, Инжил воизи бўлиш ёки хизмат қилиш фақатгина махсус инъомга эга бўлган қобилиятли одамларнинг вазифаси, деб айтиши мумкин эмас.
Раббимиз Исо яшашимиз ва Худо йўлида юришимиз учун керак бўлган ҳамма нарсани бизга Ўзига хос илоҳий куч-қудрат билан ато этган (2–Бутрус 1:3). Қалбимиздаги Муқаддас Руҳ ҳар бир имонли кишига ўзига ҳос бир инъом ато этган ва ўша инъомларни биз Масиҳнинг бадани ўсиб улғаиши учун ишлатишимиз керак. Юрагимизда Ўзига маскан қурган ўша Руҳ туфайли ҳар биримиз жамоатда ҳам, дунёда ҳам хизмат қилишга қодирмиз. Ҳар бир масиҳий юртимизда Масиҳ жамоатнинг асос солинишида иштирок этиши керак, чунки бу Худонинг иродасидир. Бу улуғ Ишда Унга ҳамроҳ бўлишимиз учун У бизга ҳам қобилият, ҳам куч ато қилган. Бу инъомларни Худо бизга шунчалик, ўзимиз учун бермаган, бу инъомлар орқали Худо улуғланиши, бошқа имонлилар эса барака олишлари керак. Бу ишни фақат Худо томондан махсус мойланган кишилар ёки руҳонийлар қила олади, деб ўйлаган одам янглишади. Ўша киши Худо унга ато қилган инъомлардан бехабар бўлса керак ва Худонинг Номини одамларга танитиш имонлиларнинг зиммасида эканлигини билмаса керак. Азизлар, афсус менга ажратилган вақт ўз нихоясига етди. Хикоянинг электрон шаклини www.najot.com сайтидан олсангиз бўлади. Хайир азизлар, Раббимизга бўлган хизматингиз серхосил бўлсин. Омон бўлинг.