3:31

Масиҳга тенг ҳеч нарса йўқ

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, сиз Худонинг севгисини қалбингизда хис этганмисиз? Агар жавобингиз “ха” бўлса, унда мен сиз учун жуда хурсандман. Аҳир Худонинг севгиси айнан Масиҳда мужассам бўлди. Айнан Масиҳга тенг келадиган ҳеч нарса йўқ. Айнан Масиҳ орқали Худо бизга озодликни ато этди. Масиҳга ишониб Унга умид боғлаган ҳар бир одам баҳтли инсондир. Келинг, хаворий Павлус Масиҳ ҳақида нима дейишини кўриб чиқсак. Филиппиликларга 3 чи бобда қуйидаги оятлар бор. Ана у ёмонлик қилувчилардан, у итлардан эҳтиёт бўлинглар! Ана у тана кесувчилардан эҳтиёт бўлинглар! Мана биз ҳақиқий аҳли суннатмиз. Чунки биз Муқаддас Руҳ кучи билан Худога хизмат қиламиз, фақат Исо Масиҳ билан фахрланамиз, табиий фазилатларимизга ишонмаймиз. 

Диний ғайрат десангиз, Исо умматини таъқиб қилдим. Қонун талаб қилган солиҳлик десангиз, бегуноҳ эдим. Лекин бир вақт фазилат деб билган нарсаларимни энди Масиҳ учун фойдасиз ҳисоблайман. Чинакам, Раббим Исо Масиҳни билишнинг афзаллиги олдида мен ҳамма нарсадан бош тортиб, фойдасиз деб билдим, ҳа, Масиҳга сазовор бўлай, деб ҳатто ахлат ҳисобладим. Энди Илоҳий Қонунга амал қилишдан иборат бўлган ўз солиҳлигимга суянмайман. Аксинча, Масиҳ билан бир бўлай, деб фақат Унга ишониш орқали, имон орқали бўладиган солиҳликка суянаман ва шу тариқа Худо ҳузурида ўзимни оқлайман.  Қани энди Масиҳнинг азобларида қатнашиб, ўлимида ҳам Унга эргашиб, Унинг Ўзинию тирилишининг қудратини билиб олсам ва ишқилиб ўликларнинг тирилишига эришсам.

Ҳа азизлар, бу ҳақиқат. Масиҳ хамма нарсанинг боши ва оҳиридир. Унда ҳамма нарса мужассамдир. Келинг, бугунги ибодатни айнан шу мавзуга, яъни барча умидимизни ва ишончимизни фақат Масиҳга қаратамиз. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги Отажон, берган нажотинг нақадар ажойибдир. Кўрсатган севгинг учун шукур айтамиз. Худойим, бизга Масиҳга умид боғлаб яшашни ўргат. Ушбу ёвуз дунё бизга кўп қаршилик кўрсатади, бизни қувғин қилгиси келади, бизни Сендан ажратишга жон куйдиради. Лекин Сен бизни ёлғиз қолдирмайсан. Чунки биз энди Сен муқаддасга тегишлимиз. Биз Масиҳникимиз. Барча диққат эътиборимизни Унинг хочда қилган ишига қаратайлик. Қуёшнинг жазирама нурлари келганида Унинг хочининг соясида яширинайлик. Худойим, Муқаддас Руҳинга тўлиб Сенга хизмат қилайлик. Бунга хеч нарса тўсқинлик қилмасин, чунки Масиҳга тенг келадиган нарса йўқдир. Унга ишониш орқали, имон орқали бўладиган солиҳликка суянишни бизга ўргат. Дунёда нималар бўлмасин, Масиҳинг билан бир бўлайлик.

Масиҳнинг азобларида қатнашиб Унга шерик бўлайлик. Худойим, бизни қудратли ва жасур хизматчиларинг қилиб руҳан улғайтир. Сенинг муқаддас номинг сўнги нафасимизгача муқадас бўлсин. Омин.Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top