Narrator 1 «Унинг фарзандларига ўлим уруғини ёғдираман» (Ваҳ 2:23).
Ассалому алайкум. Ваҳий Китобида фаришта ҳаворий Юҳаннога Исо Масиҳни шундай тасвирлайди: «Кўзлари оташ алангасидай чақноқ ва оёқлари ялтироқ мисдай порлоқ Худонинг Ўғли…» Худовандни таниб билгач, Унинг биз имонлиларга бўлган муҳаббати, инояти, чексиз сабр тоқати, кечирими ҳақида билган одам Унинг қудрати, маҳобати, ғазаби ҳақида унутиб қўяди. Худонинг сабр-тоқатини, инояти ва кечиримини суистеъмол қила бошлайди. Худони ҳурмат қилмай, гуноҳли ишларини яна бошлайди. Худованд Тиятира жамоатида ҳам мана шундай кишилардан бири борлиги ҳақида айтади.
Narrator 2 Бу – Изавел деган аёл эди. Бу аёлнинг оиласи, туғилган жойи ҳақида бирор нарса дейилмаган. Бироқ у аёлнинг масиҳий бўлгани ва Тиятира шаҳрида яшагани аниқ. Ундан ташқари тахминларга таянадиган бўлсак, Ваҳий китоби эрамизнинг 90 йилларида ёзилган. Демак бу аёл ҳам шу йилларда яшаб ўтган. Агар суҳбатимизни охиригача тингласангиз, бу аёлнинг ўрнида бўлишга қўрқасиз. Худованд бу аёл ҳақида шундай дейди: «У ўзини пайғамбар деб, қулларимга зинокорлик этишни ва бутга қурбон қилинган нарсани ейишни тарғиб қилиб, уларни тўғри йўлдан оздирмоқда.» (Ваҳ 2:20). Таврот пайғамбарлари даврида турли халқлар бутларга сиғинганини, баъзан-баъзан Худонинг халқи ҳам уларга қўшилиб шу гуноҳни қилганлари ҳақида яхши биласиз.
Narrator 1 Бутга сиғинадиганлар унга атаб ҳайвон сўйишар, ўша ерда турли ўйин кулгулар қилиб, зинога қўл уришарди. Бутга қурбон қилинган ҳайвон гўштидан ейиш, зино қилиш бутни улуғлашнинг бир кўриниши эди. Улар шунчалик тубанликкача боришарди. Бироқ Худованд Ўз халқига бундай ишларни таъқиқлаган. Уларнинг гуноҳлигини тушунтирган, бутга қурбонлик қилинган гўштдан емасликни таъқиқлаган. Худованд уйида Худовандга қурбонлик қилинган ҳайвон гўштидан ейишлари мумкин эди, бироқ унинг учун ҳам маълум бир қонун қоидалар бор эди. Изавел деган аёл жамоат аъзоси бўлиб, бу маълумотлардан яхши хабардор бўлган бўлиши керак. Аммо шунга қарамай, у ўзини пайғамбар деб эълон қилибди. Бошқаларни ўзининг жирканч ботқоғига ботиришга эришибди.
Narrator 2 Худованд унга яна бир имконият берган. Изавел бу имкониятдан фойдаландими? Калом шундай дейди: «Тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у зинокорлигидан тавба қилмоқчи эмас. Мана, Мен уни хасталик тўшагига ётқизаман. У билан бирга зино қилганларни ҳам бордию қилмишларидан тавба қилмасалар, буюк кулфатга дучор қиламан. Унинг фарзандларига ўлим уруғини ёғдираман. Шунда бутун жамоатлар Мен кўнгил ва қалбларни синаб кўргувчи эканимни билиб оладилар. Орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша тақдирлайман». Жамоат оқсоқоли ва аъзолари ораларида бундай одам бўлмаслигига диққат қилишлари керак. Акс ҳолда биргина Худо йўлидан юрмайдиган киши, кўпчиликнинг онгини заҳарлаши, ўзи билан бирга гуноҳ ботқоғига тортиши мумкин. Бундайларнинг ҳолига вой.