Narrator 1 Ассалому алайкум, қадрдон тингловчи. Бугунги суҳбатимиз давомида сиз бир аёлнинг ҳаётида рўй берган қийинчиликлар ва унинг бу қийинчиликлардан қандай ўтгани ҳақидаги гувоҳликдан боҳабар бўласиз. Бу қийинчиликлар шунчаки қийинчилик эмас, Худо сўзларига бўлган ишончнинг синови эди. Бу аёл ўз гувоҳлигини шундай бошлайди:
«Мен бир неча йил олдин яқинларимдан биридан айрилдим. Бу айрилиқ туфайли аввалдан бор бўлган касаллигим яна ҳам кучайиб кетди. Бир неча ой ўзимдаги касаллик билан курашдим. Тез орада менга якуний ташхис қўйишди – кенг кўламдаги гистереостомия. Мени жарроҳлик йўли билан даволаганларидан кейин, орадан бир неча ҳафта ўтди. Бир неча ой тинимсиз дори-дармонга пул сарфлашлар, жарроҳлик амалиёти тўлови бизни қийин аҳволга тушириб қўйган эди.
Narrator 2 Хўжайиним машинасини ҳам сотиб, ишини ўзгартиришга мажбур бўлди. Шу билан бирга хўжайиним билан муносабатларимиз ҳам ёмонлашди. Зиммамга тўсатдан тушган бу муаммолар таъсири остида менда оғир руҳий ва жисмоний танглик бошланди. «Эй, Раббий, мен тез орада ўлиб қоламан, шекилли», — деб йиғлардим кечалари. – Бу йўқотган нарсалар ўрнини қандай тўлдириш мумкин? Нега мен яқинимнинг ўлимидан сўнг ҳеч ҳотиржам бўла олмаяпман? Мен энди илгаргидай яшай олмайман. Раббий, менга ва турмуш ўртоғимга ёрдам бер. Биз муносабатларда бирор бир ҳатоликка йўл қўйдикми? Эгам менда бошқа куч қолмади». «Яхши. Энди Мен сенинг юкингни Ўзимга олишимга рухсат бер, — мен юрагимда Раббий овозини эшитдим. – Сен фақат Менинг ҳақиқатим ҳақидаги билимларингда қатъий тур, Мен эса ҳаммасини Ўзим тўғрилайман».
Narrator 1 Худодан келган юпатувчи сўзларга қарамай, мени мудҳиш воқеаларнинг кўплиги ларзага соларди. Ҳаёт дарахтимнинг шоҳларини шамоллар синдириб ташлаган бўлса-да, Худо менга амр қилганидай илдизларимни қаттиқ ушлаб турардим. Ички оғриқларим ва ҳаётимнинг беқарорлигига қарамай, атрофимдаги барча нарса вайрон бўлгандай туюлганда ҳам ўз олдимга қўйган мақсадим туйғуси билан яшашда давом этавердим. Худо сўзида қатъий турдим. Ибодат қилдим. Худога шукроналар айтдим. Унга ўзимни ва ҳаётимни ишониб топширдим. Ҳатто кучим қолмаганда ҳам Унинг кетидан юрдим. Ичимда турли қарама-қаршиликлар бўрони турганда ҳам унга бардош бердим. Шунда ўзимнинг мустаҳкам заминда турганимни, Худога бўлган эътиқодимни янада ўстира олганимни кўрдим.
Narrator 2 Ниҳоят барчаси ўз ўрнига туша бошлади. Яқинимнинг ўлимидан сўнг Худо менга таскин берди. Бошқа одамлар билан ҳамда Худо билан муносабатларим изига тушди. Касалим тузалди, мен ўзимни илгаригидан яхшироқ сеза бошладим. Эримнинг бизнесида ҳам ажойиб ўзгаришлар рўй берди. Эрим билан муносабатларимиз ҳам ажойиб тарзда изга тушди. Шубҳасиз ўша пайтдан буён ҳаётимни бахтли десам бўлади. Аммо ҳақиқат шундаки, ҳаммаси умуман бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Ўшанда ичимда кечаётган шубҳаларга, бўронларга енгилиб, Худонинг сўзига бўлган ишончимни йўқотиб қўйиб, ўша пайтдаги ҳолатимдан ҳам баттарроқ ҳолатга тушишим мумкин эди. Аммо Худога сиғиниб, мен нафақат барча қийинчиликларни енгиб ўтдим, балки янада кучлироқ бўлдим. »