3:22

Болаларнинг ўсишига ёрдам 217

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турганимиз учун бағоят хурсандмиз. Келинг, бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. Азиз биродарлар, ҳар бир оилани руҳий аҳволи ўзига яраша. Кимдадир, албатта, барчаси яхши, яна кимдадир эса Худованд билан бўлган муносабат унчалик кучли эмас, учинчи оилада эса умуман Худо билан муносабат йўқ деса ҳам бўлади. Агар ташқаридан диққат билан кузатадиган бўлсак буни, албатта, кўришимиз мумкин. Ҳар бир оилада Худованд билан яқин муносабат қилиши учун аввалом бор ота-онанинг ўзлари кўпроқ ибодатда бўлишлари лозим. Иложи борича, барча оила аъзолари биргаликда ибодат қилиб, Худонинг каломини ўқиш — оиланинг руҳий аҳволини мустаҳкамлаб боради. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали айрим ҳақиқатни айтиб ўтмоқчи эдим. Хизмат юзасидан кўп оилалар билан учрашишга тўғри келади. Кўпинча шунинг гувоҳи бўламизки, жуда кўп оилалар нимагадир биргаликда ибодат қилишмайди. Биргаликда ибодат қилиш ҳақида сўраганимизда, кўпинча вақтни баҳона қиламиз. Азизлар, агар Худованд билан гаплашиш учун вақт топилмаса, буни қандай тушуниш мумкин? Фараз қилинг, Раббимиз Исо Масиҳ ҳам биз учун: “Вақтим йўқ, кейинроқ келинг”- деса. Бундан даҳшатлироқ нарса бўлмаса керак. Ахир Раббимиз Исо Масиҳ хочдаги ўлими учун вақт топди! Чунки У сизни, мени, ҳар биримизни алоҳида севади.

Биз, инсонларни нажот олишимиз учун У ҳамма нарсага вақт топди. Наҳотки оиламиз билан биргаликда ибодат қилиш учун ва Худонинг каломидан ўқиб, руҳан ўсиб боришимиз учун бир оз вақт тополмасак? Бирон-бир яқинимизнинг туйи бўлаётган бўлса, албатта вақт топамиз, қанчалик оғир бўлса ҳам, ишхонамиз раҳбаридан сўраб жавоб оламиз, нима бўлса ҳам, туйдан қолиб кетмаслик учун ҳаракат қиламиз. Худованд-чи, наҳотки Худованд билан вақт ўтқазишга шунчалик дангасалик қиламиз? Азиз биродарлар, биз хоҳлаймиз, болаларимиз имонда кучли бўлишини. Лекин улар бизнинг фарзандларимиз, улар ўз ота-онасидан кўрганларини қилишга ҳаракат қилади. Шундай экан, азизлар, ҳамма нарсада уларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилайлик. Азиз биродарлар, мен бугун барча оилалар шундай, деб айтишни ҳечам хоҳламас эдим. Имоним комил, орамизда барчага ўрнак бўладиган оилалар жуда кўплаб топилади.

Келинг, азиз биродарлар, яна бир бор оиламиз ҳақида ўйлаб кўрайлик. Уларнинг руҳий аҳволи учун ахир Худованд биз, оила бошлиқларидан сўрайди. Худовандга жавоб бериш осон бўлиши учун ҳозирдан оиламизнинг руҳий аҳволи ҳақида бош қотириб кўрайлик. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали бироз қўполроқ бўлган бўлсак, олдиндан яна бир бор узр сўрайман. Ахир қачонлардир шу ҳақида гапиришимиз керак эди-ку. Азизлар, агар сизга ёмонлик хоҳлаганимда, бугунги эшиттиришни тайёрламаган бўлардим. Азизлар, мен сизни севаман. Сизлар билан хайрлашар эканман, оилангизга тинчлик, барака тилаб қоламиз. Шу билан бирга интернет сайтимизнинг манзилини ҳам сизларга айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top