Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳурматли тингловчилар, Худованд бизга яна радио тўлқинларимиз орқали учрашишга имконият бергани учун Унга раҳмат айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, катта бинода йиғиладиган жамоатларнинг ҳар бирини ўзига яраша турли тартиблари мавжуд. Шу билан бирга шу жамоатларнинг ўзига яраша мақсадлари ҳам бор. Энди кичик уй гуруҳи жамоатларига келадиган бўлсак-чи? Албатта, кичик уй жамоатлари бўлса ҳам, ҳар бирида юқорида айтилган катта жамоатлар каби ўзининг мақсадлари ва тартиблари бўлиши керак. Ахир катта ибодатхонада йиғиладиган масиҳий биродарлар билан уй жамоатларида йиғиладиган биродарларнинг ҳеч қандай фарқи йўқ, деб ўйлайман.
Нима учун эшиттиришимизни бундай бошладим? Албатта, бунинг сабаби бор. Яқинда тасодифан чўпонлар ва хизматчиларнинг учрашувида эштирок этиб қолдим. Шунда хизматчилар орасидаги айнан шу мавзудаги баҳснинг гувоҳига айландим. Айрим биродарларимиз уй жамоатларига қандайдир қонун-қоидалар, мақсадлар ва тартиблар шарт эмас деса, бошқалари: йўқ, ҳаммага ушбу айтилган тартиб ва мақсадлар керак, деб айтишар эди. Албатта, шунга ўхшаш тортишув ва баҳс-мунозаралар керак. Шундай тортишувлар орқали биродарлар ажойиб мақсадларни ўзларининг олдиларига қўядилар. Келинг, азиз биродарлар, ҳозир кимнидир тўғри, кимнидир нотуғри, деб айтишга шошилмайлик-да, яхшиси, Муқаддас Китобга мурожаат қилайлик ва ушбу саволларимизга, албатта, жавоб топамиз деган умиддаман.
Шахсан мен шундай деб ўйлайман: ҳар бир жамоат учта мақсад бўйича яшаши керак. Биринчиси — Худони улуғлаш, иккинчиси — жамоатнинг ўсиб бориши ва охиргиси -одамларга Хушхабар етқазиш. Мана шу учта мақсад ҳар бир жамоатнинг асосий ядроси бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Албатта, яна қандайдир қўшимчалар бўлиши мумкин. Бу ҳар бир жамоат ва уй гуруҳларининг хоҳиши. 1Коринфияликларга мактубининг 10 боби 31 оятида Худовандни улуғлашимиз кераклиги ёзилган бўлса, Эфесликларга мактубининг 4 боби 11ва13 оятларида жамоатларни обод бўлиши ва ўсиб бориши ҳақида айтилган. Учинчи мақсад сари қадам ташлайдиган бўлсак, 1 Бутурус мактубининг 2 боби 9 оятига мурожаат қилишимиз мумкин.
У оятда бизларни Худо нима учун танлагани ҳақида айтилади. Албатта, Худованд бизни ҳар биримизни Ўзи ҳақида бошқаларга хабар беришимиз учун танлаган. Азиз биродарлар, ўйлайманки, ҳар бир уй жамоатларининг ва ҳар бир Масиҳга эргашган биродарнинг ўзига яраша мақсади бўлиши керак ва шу мақсад сари илдам қадамлар билан олдинга қараб боришимиз керак. Шунинг билан, азизлар, бугунги кичик уй гуруҳ жамоатлари мавзусидаги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга айтиб ўтсам: www.najot.com Азизлар, “Дилкаш” радиосидан узоқлашманг, бизни тинглашда давом этинг. Мен эса ҳозирча сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг, азизлар.