2:50

Руҳий ғалаба 201

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан яна руҳий ғалаба ҳақидаги эшиттиришимизни давом эттириш ниятидаман. Марҳамат тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, биз барчамиз масиҳий ҳаётда яшар эканмиз, руҳий жанг давом этаверади.

Агар ушбу жангда ғолиб келишни истасангиз, Раббимиз Исо Масиҳнинг армиясида содиқ аскар бўлишни истасангиз ва энг муҳими, ҳар қандай руҳий жангда ғолиб бўлишни истасангиз, Худованд ҳар биримизга ато этган анжомлар билан қуролланишимиз керак бўлади. Мана шундай қонун ҳар бир армияда мавжуддир. Мана шу қонун-қоидалар руҳий жанг кетаётган бир пайтда ҳар биримизга ҳам, ғалаба қилишимиз учун ҳам, ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун жуда муҳим. Фақатгина Худованд бизнинг душманимиз ҳақида жуда муҳим маълумотларни билади.

Шу билан бирга душманни қандай қилиб енгиш усулларини ҳам Худованд яхши билади. Шунинг учун ҳам руҳий жанг пайтида Худованд билан маслаҳатлашиб иш юритиш — фақатгина ғалаба сари олиб боради. Ҳар бир спортчи ҳам рақиби ҳақида яхши ўрганиб чиқишга ҳаракат қилганидек, биз ҳам Худованд билан суҳбатлашиш орқали душман ҳақида кўп нарсаларни ва ҳатто унинг сирларини ҳам билиб олишимиз мумкин. Келинг азиз биродарлар, Муқаддас каломдан бизга яхши таниш бўлган бир оятни биргаликда ўқиб кўрамиз. Ушбу оят Эфесликларга мактубининг 6 боби 11 оятидан 13 оятигача бўлган жойда ёзиб қўйилган:

“Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олиш учун, Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланингиз, чунки бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғу дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир. Шу сабабдан ёмон кунда қаршилик кўрсата олишингиз учун, Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтаринглар, токи бутун тадбиркорлик билан иш тутиб, ўрнингизда тура олинглар”.

Барча қурол-аслаҳалар билан деганимизда, аскарларга жанг пайтида керак бўладиган барча нарсалар назарда тутилган. Бу ҳимояланишимиз учун ҳаддан зиёд зарурдир. Лекин бир муҳим нарса бор. Ҳимояланишимиз учун керак бўладиган анжомларни биз ўзимизга ёққанларини танлаб олиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Армия бошлиғи қандай анжомларни олишни буюрса, фақатгина шуларни олишга ҳақлимиз. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз радио тингловчиларимизга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Азизлар, биродарлар, яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top