2:57

Худонинг сўзи 132

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, келинг бугунги мавзуимизнинг сарлавҳасини “гуноҳ” деб номласак. Ҳар бир имонли киши гуноҳ ҳақида кўп маротаба эшитган. Гуноҳнинг оқибатлари ҳақида ҳам яхши биламиз. Умуман масиҳий бўлиб имонда яшашимизнинг ҳам асосий сабабларидан бири — гуноҳсиз ҳаёт кечиришдир. Демак, ҳар бир имонли киши учун “гуноҳ” деган сўзнинг ва гуноҳнинг ўзи оддий нарса эмас.

Гуноҳ бу — инсондаги яхши сифатларнинг йўқлиги ёки бўлмаса, бошқаларга нисбатан савоб ишларни қилмаслик эмас. Гуноҳ бу — ўзига яраша катта кучга эга бўлган тирик нарса десак ҳам бўлади. Чунки у доимо инсонларнинг юрагида қандайдир ёмон ишларни қилишга чорлаб туради. У доимо масиҳий инсонларнинг юрагидаги янги ҳаёт билан жанг қилади. Гуноҳнинг асосий қуролларидан бири: “Эй, қўрқма, ҳеч ким бу ҳақида билмайди ёки бўлмаса, бу бошқалар ўйлаганчалик катта гуноҳ эмас,” деб ёлғонларни ишлатади. Айрим биродарлар эса айнан шу ёлғон чорловларга алданиб гуноҳ қилади. Гуноҳнинг яна бир катта хоҳиши — ҳар бир масиҳийни Худонинг ҳар қандай буюрганларига қарши қўйишдир, Худонинг амрларини айнан инсонлар орқали бўзишга ундашдир.

Гуноҳ айтадики: “Эй, инсон, ушбу ҳаёт сеники, шунинг учун ушбу ҳаётда сен ўз хоҳишинг бўйича яшашга ўрган, сени ҳаётингни ҳеч ким бошқаришига йўл қўйма”. Азиз радио тингловчи биродарлар, гуноҳ ишларни қилишга ва гуноҳнинг айтганларига бўйсинишга фақатгина шайтон бошлаши мумкин. Демак, гуноҳ бу шайтоннинг энг яқин қариндоши десак ҳам бўлади. Биродарлар, келинг муқаддас каломдан бир оятни ўқиб кўрамиз: “Мен Сенга, фақат Сенга қарши гуноҳ қилдим, Сенинг кўз олдингда ёмонлик қилдим, Сен эса сўзингда доим барҳақсан, ҳукм қилганингда фақат одилсан”.

Забур китоби 50 боб 6 оят.

Гуноҳ инсонга ҳужум қилганида, шундай яралашга уринадики, инсон Худованднинг кўз олдида яраланган қушдек оқсоқланиб қолади. Масиҳий инсон ҳеч қачон нейтрал зонада бўлмаслиги керак, яъни гуноҳ ва янги ҳаётнинг ўртасида. Инсон доимо тўлиқ ё гуноҳ тарафда бўлиб келган, ёки яхшилик тарафда. Ўртадаги инсон эса бу иккиюзламачидир. Иккиюзламачи инсонлар эса Худованднинг талабига мутлоқ жавоб бермайди. Азиз биродарлар, келинг гуноҳдан йироқ бўлишга интилиб яшайлик. Агарда қандайдир гуноҳ кимнидир васваса қилаётган бўлса, ҳозирнинг ўзидаёқ Худога илтижо қилинг ва ибодатларингиз орқали Худованддан сизни ҳимоя қилишини сўранг. Шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, яна “Дилкаш” радиомизнинг қувноқ тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top