3:27

Масиҳ билан ҳаёт

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз мухлисларимиз билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Келинг азиз тингловчи, эшиттиришимизни бошласак. Азиз биродарлар, маълумки, ҳар бир масиҳий биродар Худога эргашгандан кейин айрим муаммоларга ва турли қийинчиликларга дуч келади. Бундай қийинчиликлар турли бўлиши мумкин. Масалан, имонимиз туфайли бўладиган турли қаршиликлар ёки бўлмаса, иссиқ жонда учраб туриши мумкин бўлган айрим касалликлар ҳам ҳар бир инсон билан юз бериши мумкин. Имонимиз шундай йўллар билан синалиб турган пайтда бизга нима етишмаслиги мумкин? Албатта, ушбу осон бўлмаган саволга жавобни Муқаддас китобдан топишимиз мумкин.

Барча имонлиларнинг ҳаётида турли қийинчиликларнинг содир бўлиб туришига ягона сабаб, бу Раббимиз Исо Масиҳнинг хочдаги азобли ўлимидир. Ҳа, азиз радио тингловчи, У мен ва сиз учун хочда азоб чекди ва ўлди. Биз масиҳийлар ҳам У билан бирга азоб чекишимиз оддий ҳол, чунки биз Масиҳ билан бир танмиз. Демак, Унинг ҳар бир борган жойида ва амалга оширган барча ишларида ва ҳатто чеккан азобларида ҳам биз Унга шерикчилигимиз бор. Ҳаворий Павлус ушбу мавзуда ажойиб гапларни айтган эди. Азизлар келинг, 2 Тимўтийга мактубининг 2 боби 11 ва 12 оятларидан ушбу гапларни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Агар У билан бирга ўлган бўлсак, У билан бирга ҳам яшаймиз. Агар сабр-тоқат қилсак, У билан бирга давр сурамиз. Агар биз Уни инкор этсак, У ҳам бизни инкор этади”.

Албатта, Павлуснинг ҳаётида ҳам жуда кўп қийинчиликлар бўлди. Лекин унинг чеккан азоблари туфайли кўплаб жамоатларга Худонинг марҳамати келди. Ҳурматли радио тингловчи, мен айтмоқчи эмасман, сиз ҳам азоб чекинг ва шу орқали сизнинг жамоатингизни Худо марҳаматлайди, деб. Менимча, бундай гапни айтиш ноўрин бўларди. Лекин бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, ҳар бир қийинчиликлар орқали Худованднинг марҳамати келиши аниқ. Агар қийинчиликлар пайтида барчасига дош бериб Худованддан нолимай Унга содиқ қолсак, Худованд бундай мардликка кўз юмиб қарамайди. Ундаги марҳамат шунчалик кўпки, ҳар бир имонли учун етиб ортади. У ҳар биримизни алоҳида марҳаматлашни истайди. Лекин марҳаматни олиш учун шунга сазовор бўлиш керак.

Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг. Спортчилар ҳам биринчиликни олиш учун жон-жаҳди билан югуради. Ўнлаб спортчилар ичидан эса фақатгина уч киши тақдирланади. Кимдир биринчи, бошқаси иккинчи ва кейингиси учинчи ўринни эгаллаб, ўзига яраша мукофот олади. Азиз биродарлар, Худованд барчамизни тақдирламоқчи, келинг мукофот олиш учун ҳаракат қилайлик. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, барчангизга тинчлик-омонлик тилаган ҳолда сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Мактубларингизни кутиб қоламиз, азизлар. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top