Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, Эфесликларга мактубининг 6 боби 12 оятини ўқиш билан бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. “Чунки бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимятларга,бу қоронғу дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир”. Албатта масиҳийлар ёвуз кучларга қарши кураш олиб бориши керак. Шунинг учун ҳам ҳаворий Павлус ушбу оятда айнан шу гапларни айтиб ўтган эди.
Лекин баъзи замонавий “ёвуз кучларга қарши курашувчи” дўстларимиз белгиланган чегарадан ҳам ўтиб кетишмоқда. Каломда Худованд нима қилишимиз кераклигини аниқ қилиб айтиб қўйган. Лекин Худованднинг айтганлари айрим пайтларда иккинчи даражали бўлиб қолмоқда. Албатта, ҳар бир жамоат ўзининг тўғри йўлдан бораётганини аниқ билиши керак. Агарда ҳали аниқлик киритилмаган бўлса, ва тахминан ўзларни тўғри йўлдамиз деб ўйласалар, яхшиси, тўхтаб барча йўлларини текшириб кўргани яхшироқдир.
Ҳозирги кунда кўплаб масиҳий биродарлар, айниқса раҳбарлар ўзларини йўлларини тўғрилигига аниқ ишонишади ва кўпинча бошқалар билан тортишиб, ҳатто ўзларини ҳимоя қилишади. Аввало, бор ҳақиқатни Раббимиз Исо Масиҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Биз гуноҳкор, лекин Худованд томонидан кечирилган инсонлар, хатоликка йўл қўйишимиз мумкин-ку! Ҳозирги кунда жуда кўплаб жамоатларда шайтонни лаънатлаш урфга айланиб улгуряпти. Шайтонни ҳайдаш ва уни боғлаш ишларига кўп эътибор бериляпти. Энг қизиғи шундаки, бу кўплаб биродарларга ёқади. Лекин бундай йўл тутиш қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини албатта текшириб ўтишимиз керак.
Тўғрисини айтаман, бундан бир неча йиллар аввал шахсан мен ўзимизнинг юртимизда бир катта ибодатхонага меҳмон сифатида бордим. Йиғилишнинг бошида боягина айтиб ўтганимдек, шайтонни ҳайдаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросим шайтонни ҳайдаш маросимига умуман ўхшамасди, аксинча худди шайтон билан бирга рақсга тушаётгандек кўринди менга. Бундан ташқари мен билан биргаликда келган ўзбек биродарларим уларни кўриб чин юракдан афсусланиб кетдилар. Саҳнадаги рақсга тушаётган қизларнинг кийимлари ҳақида гапиришга тилим бормайди. Азиз биродарлар, мен бугунги эшиттиришимиз орқали кимнидир камситиш ниятим йўқ. Аксинча, барча биродарларимизни доноликка ва тўғри йўлдан боришга чақирмоқчиман холос. Бутун донолик Худованддадир. Ундан доноликни сўрайлик. Худованднинг Ўзи бизга қайси йўлдан боришни ўргатади.
Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини сиз азизларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com