3:25

Худонинг сўзи 150

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, Хушхабар Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдлари томонидан битилганлиги барчамизга яхши маълум. Улар қўлларидан келгунча Раббимиз ўргатганларининг ҳаммасини ёзиб олишга ҳаракат қилишди. Раббимиз Исо Масиҳ ҳам Ўз шогирдларини доимо Хушхабар айтишга ва Ўзи уларни нимага ўргатган бўлса, барчасини амалда синаб кўриш учун юбориб турар эди. Албатта, Исо Масиҳ Ўз шогирдларини ер юзида ёлғиз қолдиришдан аввал, уч йил давомида ўз сўзлари ва намунали ҳаёти билан кўп нарсага ўргатган эди.

Азиз биродарлар, бундан кўриниб турибдики, Исо Масиҳ Ўз шогирдлари ҳақида жуда кўп руҳий ғамхўрлик қилган. Энди эса азиз биродарларим, ҳаворий Павлуснинг нималар қилгани ҳақида ҳам бироз суҳбат қилсак. Ҳаворий Павлус ўзининг икки йилдан кўпроқ вақтини Эфес шаҳрида ўтқазган эди. Албатта, у шу жойдаги биродарларини кеча-кундуз ўқитиш ва ўргатиш билан машғул бўлган. Ҳаворийлар мактубининг 19 боби 9 ва 10 оятларидан ўқиб кўрамиз: “Ниҳоят, баъзилар бўйни қотиб, имонни рад қилиб, халқ олдида Раббимиз Исо йўлини ёмонлайдиган бўлишди. Павлус улардан юз ўгириб, шогирдларини улардан ажратди ва ҳар куни Тиран деган бир кишининг мактабида суҳбатлашарди. Шу тариқа икки йил давомида хоҳ яҳудий, хоҳ юноний бўлсин, Асия вилоятида яшаганларнинг ҳаммаси Раббимиз Исонинг каломини эшитдилар”.

Ҳаворий Павлус нафақат ибодатхоналарда ўқитар эди, балки у имкон қадар имонли биродарларининг уйига ҳам ташриф буюрар эди. Албатта, имонлилар учун бундай ташриф катта куч бўларди. Бу ҳақида ҳаворийлар китобининг 20 боби 20 оятидан ўқишимиз мумкин: “Фойдали бўлган ҳеч бир нарсадан сизларни маҳрум қилмайин деб, кўчама-кўча, уйма-уй юриб таълим бериш фурсатини бекор ўтказмадим”. Ҳаворий Павлус кўплаб биродарларини Худога чин юракдан хизмат қилишга чақирар эди. Айниқса биз биламизки, Павлус Тимўтий ҳақида жуда кўп қайғурган. Ҳатто Павлус уни хизмат қилиш учун жамоатга юборганда, чўпон қандай бўлиши керак ва муаммолар пайтида нималар қилиши кераклигина ҳам ўргатган эди.

Азизлар, Худованд ҳар бир танлаган кишисини албатта ажойиб хизмат қилишга чорлайди. Шунингдек, мен ва сиз азиз радио тингловчиларимиз барчамиз Худонинг улуғворлигини кўрсатиш учун танланганмиз. Келинг азиз биродарлар, шу фурсатни биз ҳам бекор ўтқазмасликка ҳаракат қилайлик. Ўз хизматларимиз билан Раббимизни янада юксалтириб номини улуғлайлик. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз поёнига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашишдан олдин, сиз азиз биродарларимга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Ушбу манзилга ўзингизни таклифларингизни ёзиб юборасиз деган умиддаман. Сиздан келган ҳар бир мактуб биз учун жуда қадрлидир. Ҳозирча хайр саломат бўлинг, азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top