Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Худонинг олий ҳокимияти — бу шундай хусусиятки, унинг ёрдамида Худо Ўзининг жамики яратган мавжудотларини бошқаради; олий ҳокимиятга эга бўлиш учун эса, Худо ҳамма
нарсани билгувчи, қудратли ва мутлақ эркин бўлиши керак. Агарда Худога маълум бўлмаган бирорта нарса мавжуд бўлса ва у қанчалик кичик ва аҳамиятсиз бўлмасин, Худонинг бошқаруви шу нарсага келганда тўхтаб қолган бўлар эди. Ўзи яратган мавжудотларнинг Тангриси бўлиш учун, Худо ҳамма билимларга эга бўлиши керак. Агарда Худога ҳеч бўлмаганда қудратнинг кичкинагина қисми етишмай қолганида, бу етишмовчилик Унинг ҳукмронлигига нуқта қўйган ва бутун ҳокимиятини вайрон қилган бўлар эди; бу қаердадир йўқолиб қолган зарра бошқа кимгадир тегишли бўлгач, Худо Ўз бошқарувида чегараланиб қолган бўлар эди ва бундан келиб
чиққан ҳолда олий ҳокимиятга эга бўла олмас эди.
Шунингдек, Худонинг олий ҳокимияти Унинг мутлақ эркин бўлишини талаб қилади. Бу нарса Худо Ўзининг абадий мақсадига эришишида бошқа бировларнинг заррача ҳам аралашувисиз, истаган жойда ва исталган вақтда У нимани истаса шуни қилишда эркин бўлиши керак, деган маънони билдиради. Агарда Худода тўлиқ эркинлик бўлмаганида эди, Унинг ҳокимияти мутлақ ҳокимият ҳисобланмас эди.
Чегарасиз озодлик ғоясини англаб етиш учун ақл-идрокка катта куч керак бўлади. Биз озодликни бошқача, яъни унинг тўлиқсиз шаклида тушуниш учун руҳан тайёр эмасмиз. Бизнинг озодлик ҳақидаги тасаввурларимиз мутлақ озодлик мавжуд
бўлмаган дунёда шаклланган. Бу ерда ҳар бир табиий нарса бошқа кўпгина нарсаларга боғлиқдир ва бу боғлиқлик унинг озодлигини чегаралаб қўяди.
Уордсворт ўз «Mуқаддима» сининг бошида зиндонга ташлангандек узоқ вақтгача асирликда бўлган катта шаҳардан қочиб кетганлигидан ва у энди «озод, қуш каби озод», қаерда истаса, шу ерда яшаши мумкинлигидан хурсанд бўлади. Бироқ
қуш каби озод бўлиш бутунлай озод бўлиш дегани эмас. Ҳозир озод, деб гапирилаётган қуш аслида бутун умри давомида қўрқув, очлик ва инстинктлар асирлигида яшашини табиатшунос билади; унинг озодлиги ҳаво босими билан ўзгарадиган оби- ҳавога, жойдаги егуликнинг миқдорига, йиртқич ҳайвонларга,
ҳаммасидан ҳам кучлироғи — қушларда мавжуд бўлган қонунга мувофиқ унга ажратилган кичикроқ ер ва ҳаво чегарасида қолишга бўлган интилишга боғлиқ равишда чегараланади.
Энг катта озодликка эга бўлган қуш ҳам ҳар қандай яратилган мавжудот каби ўзини ўраб олган зарурият тўри имкон берадиган нарсанигина қила олади. Ёлғиз Худогина эркиндир. Айтишларича, Худо Унга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсқинлик қила олмагани ва бирор нарса қилишга мажбурлай олмагани, Уни тўхтата олмагани учун ҳам мутлақ эркиндир. У Ўз ихтиёрига кўра ҳар доим, ҳар ерда ва абадий ҳаракат қила
олиши мумкин. Бу даражада эркин бўлиш ҳамма нарса устида ҳукмронликка эга бўлиш демакдир. Азизлар, бордию сизларда бирон бир савол ёки фикрингиз бўлса, уларни dilkash@najot.com манзилига йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Раббимиз Севгиси ва Нажоти сизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.