Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Худонинг шохона режасининг улкан
лайнери тарих денгизида олдиндаги тайинланган жой сари шиддатли сузиб бормоқда. Худо дунё яратилгунига қадар Исо Масиҳда белгилаган азалий мақсадлар томон ҳеч қандай тўсиқларсиз илгарилаб бормоқда. Биз бу мақсадларнинг
ҳаммасини билмаймиз, бироқ нималар юз бериши, келажакдаги бахт-саодатга бўлган эзгу умид ва унга нисбатан қатъий ишонч ҳақидаги умумий тасаввурларга эга бўлишимиз учун бизга кўп нарсалар маълум ва етарлидир. Биз Худонинг пайғамбарларга берган ҳар бир ваъдаси бажаришини биламиз; биз бир кун келиб гуноҳкорлар ер юзидан четлатилишини ҳам биламиз; биз шунингдек, гуноҳи
ювилганларнинг Худо қувончида бўлишини ва солиҳларнинг Ўз Оталари шоҳлигида нурга тўлишларини ҳам биламиз; биз Худо ҳамманинг олқишига сазовор эканлигини, ақл-идрокли ҳар қандай мавжудот Ота-Худонинг улуғворлигидаги Раббимиз Исо Масиҳни тан олишини, ҳозирги тартибсизликларга барҳам
берилишини ва янги само ва янги ер юзи абадий ўрнатилишини биламиз.
Худо ҳамма нарсага чексиз донишмандлик ва комил аниқлик билан ҳаракат қилиб боради. Ҳеч бир кимса Уни Ўз мақсадларидан воз кечишга кўндира олмайди; ҳеч қандай нарса Уни Ўз режаларидан қайтара олмайди. Худо ҳамма нарсани билгани учун ҳам, кутилмаган вазиятлар бўлиши, бахтсиз ҳодисларнинг юз бериши мумкин эмас. У олий ҳокимиятга эга бўлганлиги учун ҳам аксбуйруқларнинг ҳам, раҳбарликдаги келишмовчиларнинг ҳам бўлиши мумкин эмас; Худо қудратли
бўлгани учун эса, Ўзи белгилаган мақсадларга эришиш учун унда ҳокимият етарлидир. Буларнинг ҳаммаси бўйича Худода камчилик йўқ ва У бу нарсаларга ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган ҳолда эгадир. Бироқ ҳамма нарса бу қисқача тафсилотда кўринганидек бир текис эмас.
Ёмонлик сир-синоати ҳаракат қилмоқда. Худонинг шоҳона, аммо марҳамтли хоҳиш-иродаси доирасида яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги бешафқат кураш давом этаяпти
ва борган сари шиддатлироқ бўлиб бораяпти. Худога ҳали довул ва бўрон орасидан ўтишига ҳам тўғри келади, бироқ бу довул ва бу бўрон фақатгина бу ерда, бу дунёдадир ва жавобгар мавжудотлар сифатида биз ҳозирги маънавий вазиятда ўз
танловимизни амалга оширишимиз керак. Худо Ўзининг қарор қабул қилиш эркинлигига кўра биз учун маълум бир амрларни берди ва бу амрлардан бири — танлаш ва оқибатлар қонунидир. Худо итоат ва имон билан Ўғли Исо Масиҳга ўзини бағишлаган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлади ва Худонинг ўғилларига
айланади, деб эълон қилди.
У шунингдек, зулматни севадиган ва самонинг олий ҳокимиятига қарши исён кўтаришда давом этаётган ҳамма руҳан узоқлашган ҳолатда қолади ва охир-
оқибатда ўлимнинг азоб-уқубатига абадий маҳкум бўлади, деб ҳам эълон қилган.
Агарда буларнинг ҳаммасини ғоят индивидуал ҳолатга боғлайдиган бўлсак, у ҳолда биз ҳаётий зарур ва ўта шахсий хулосаларга келамиз. Бизнинг атрофимизда авж олаётган маънавий тўқнашувда ким Худо томонда бўлса — ғолиб томонда
бўлади ва мағлубиятга учрамайди; ким бошқа томонда бўлса — мағлуб томонда бўлади ва ғалаба қила олмайди. Азизлар, бордию сизларда бирон бир савол ёки фикрингиз бўлса, уларни dilkash@najot.com манзилига йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Раббимиз Севгиси ва Нажоти сизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.