Ассалому алайкум қадрли оналар. Она илк бора фарзандини қўлига олганида, тасвирлаб бўлмас даражада ширин бир ҳисни туяди. Бу худди жаннатий бир туйғуга ўхшайди. Эндигина туғилган чақалоқларга қараб, Худонинг нақадар улуғворлигини, қудратини ва муҳаббатини кўриш мукин. Миттигина чақалоққа эга бўлиш, бу ҳар бир она учун шарафдир. Худо сизу- бизга она бўлиш шарафини берган. Қўлингизда тутиб турган митти гўдакни сизга ишониб топширди. Бу сиз учун шараф. Сизга берилган ишончни оқлай оласизми? Худо ҳар бир онанинг қўлига, Ўз мукофоти бўлган-гўдакни берар экан, онадан нима кутади? Бу саволга жавоб топишни Муқаддас Каломдаги икки оятни тушуниб олишдан бошлайлик.
«Агар уйни Худованд қурмаса, Қурувчилар бекорга ишлайди. Агар шаҳарни Худованд қўриқламаса, Қоровул бекорга бедор қолади» (Забур 126:1). «Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади» (Маталлар 14:1). Бу оятларнинг маъноси нима? Худо менинг оиламдаги ҳар бир ишни Ўз қўлига олмас экан, менинг ҳаракатларим бекор кетади. Оиламда биринчи бўлиб У ишлаши керак. Агар у ишламаса, менинг ишлашим, ҳавотирланишим, ҳаракатларим бекор. Мен фарзандларимнинг тарбиясига қаттиқ эътибор беришим, ўқишларини назорат қилишим, хулқ-атворини текшириб, тўғрилашга ҳаракат қилиб юришим, мумкин қадар яхши ўрнак бўлишим, уларни Калом ўқишга мажбурлашим мумкин. Аммо то Худонинг ўзи бу ишларга бош-қош бўлмас экан, уринганларимнинг ҳаммаси бекор. Ҳатто бутун бир катта жамоатга бош-қош бўлган, кўпгина инсонларни ажойиб ваъзлари билан Масиҳга олиб келган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам Худога бўйсунмайдиган фарзандлар бўлиб етишиши мумкин. Фарзандларимизда бўладиган ҳамма руҳий жараённинг, ўзгаришнинг сабабчиси Худодир. Танадан туғилган тана, руҳдан туғилган Руҳдир, дейди Муқаддас Калом. Бизнинг бурчимиз, Худонинг ёрдамига умид қилишдан бошланади. Сулаймон пайғамбарнинг юқоридаги оятини яна бир қайтариб олсак: «Агар уйни Худованд қурмаса, қурувчилар бекорга ишлайди. Агар шаҳарни Худованд қўриқламаса, қоровул бекорга бердор қолади.» Бу билан Худо нима демоқчи, Худованд шаҳарни қўриқламаса, қоровулнинг бедор қолиши бекор, ундан кўра шаҳар дарвозасини ташлаб кетгани маъқул, демоқчими? Йўқ. Ҳар ким ўз ишини имон билан бажарсин ва давом эттирсин. Агар қурувчи имон билан шаҳар қуришни давом эттирса, Худованд шаҳар қурилишини ниҳоясига етказади. Қурувчи бу она. Унинг иши фарзандларни ўстириш. Уларнинг характерини қуриш. Биздан талаб этилган ҳамма нарсани имон билан қилиш бизнинг бурчимиздир. Ҳеч бир она бирданига фарзанд тарбиялайдиган зўр она бўлиб қолмайди. Биринчи марта фарзанд кўрганингизни, нима қилишни билмай, довдираб қолганингизни эсланг. Кейинги фарзандларда эса, тажрибангиз анча ошиб, бола қарашни билиб олгансиз. Худонинг ишида ҳам шундай. Фарзанд тарбиялар экансиз, аввал билмаган бўлсангиз, ҳам Худонинг Каломига амал қилган ҳолда, Худодан ёрдам олиб, имон билан болангизни ўстиришда давом этинг. Худо сизга керакли бўлган доноликни ҳам, сабр-тоқатни ҳам тадбиркорликни ҳам беради. Бу ҳақида кўпроқ билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали ўртоқлашинг. Ўз фикр-мулоҳазаларингизни баён этинг. Бу билан бизни мамнун қилган бўласиз.