MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги кунда катта-катта идоралар котиб ва котибаларларнинг ёрдамисиз юритилмайди. Улар бошлиқнинг иши юришишига ёрдам беради. Аниқроғи бошлиқ билан ходимлар ўртасидаги муҳим киши саналади. Шунинг учун ҳам бу иш осон эмас. Бошлиқнинг кўнглидагидай ишлаш, ходимларга бошлиқнинг гапини аниқ, хафа қилмайдиган қилиб етказиш, турли ҳужжатларни маромида тайёрлаш ҳамма ҳаммаси котиб ёки котибаларнинг вазифасига киради. Котиб ёки котибалар ҳар соҳада пухта бўлишидан ташқари меҳнаткаш ва ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетадиган ҳислатларга ҳам эга бўлиши лозим. Хуллас, бу иш осон эмас. Бундай касб қадимда ҳам мавжуд бўлган. Бир неча юз йиллар ортга қарасак, бой-бадавлат зодагонларнинг уйларида шахсий котиблари бўлган.

Narrator 2 Улар бойнинг бойлигини ҳисоб-китоб қилиб, рўзғорини юритишга ёрдам берган. Зодагоннинг ёнида юрадиган кишиси бўлган. Агар ундан ҳам узоқ йилларни, масалан, эрамиздан аввалги пайтларга қарайдиган бўлсак, у ердан ҳам котибларни топиш мумкин бўлган. Масалан, шоҳлар саройидан. Котиблик иши айнан шоҳлар давридан қолган бўлса ажаб эмас. Эрамиздан аввал Шофон деган бир котиб яшаган. У жуда тўғри, сидқидилдан хизмат қиладиган, шоҳнинг ҳар бир гапини аниқ тушуниб, бошқаларга равон ва тушунарли қилиб етказиб берадиган инсон эди. Уни шоҳнинг ўнг қўли, яъни ёрдамчиси дейиш мумкин эди. У шоҳ Йўшиёнинг саройида унинг айтганларини бекаму кўст бажариб хизмат қилган. Каломда у ҳақида шундай дейди: «Йўшиёнинг Шофон деган котиби бор эди. Шофон Машуллом деган одамнинг набираси, Озалиё деганнинг ўғли эди.» (4 Шоҳ 22:3).

Narrator 1 Шофоннинг насл насаби аниқ келтирилганига қараганда, у оддий кишилар оиласидан бўлмаган. У ҳам халқ орасида танилган, балки саройда хизмат қилган инсонларнинг фарзанди бўлган бўлиши мумкин. Шофон шоҳ Йўшиёнинг ҳукмронлиги остида жуда яхши хизмат қилган. Шоҳ ҳам унга ишонган. Буни Каломда ёзилганларидан билиш мумкин: «Йўшиё ўз шоҳлигининг ўн саккизинчи йилида Шофонни Эгамизнинг уйига юбораётиб, унга шу гапларни айтди…» (4 Шоҳ 3б). Агар котиб шоҳнинг кўнглидагидек инсон бўлмаганида эди, шоҳ уни муқаддас жойга юбормаган бўларди. Муқаддас Каломда ёзилганларидан, Шофоннинг шоҳга сидқидилдан, меҳр билан хизмат қилганини кўриш мумкин. «Шофон маъбадга боргач, олий руҳоний Хилқиё котиб Шофонга: «Эгамизнинг уйида Таврот китоби топиб олдим», — деб китобни Шофонга берди. Шофон китобни ўқиди.» (4 Шоҳ 22:8).

Narrator 2 Муқаддас Китоб унча мунча одамнинг қўлига топширилмайди. Шофон ишончли одам бўлгани учун ҳам олий руҳоний уни Шофоннинг қўлига берди. Бу оятда унинг художўй инсон бўлганини ҳам кўрамиз. «У китобни ўқиди», — деб ёзилган. Шоҳга олиб беришдан олдин китобни ўқишга фақатгина Худо ҳақида кўпроқ билишни истаган одамгина журъат қилади. У китобни шоҳга олиб беришдан кўра Худо ҳақида билишни муҳимроқ деб ҳисоблаган. Бу нарса шоҳ Йўшиёни ғазаблантирмади. «Кейин эса шоҳнинг ҳузурига бориб: «Хизматкорларингиз Эгамизнинг уйидаги кумушларни олиб, ўша ердаги ишбошиларга бердилар», — деб хабар берди. Кейин у шоҳга: «Руҳоний Хилқиё менга китобни берди», деди-да, овоз чиқариб шоҳга китобни ўқиб берди.» (4 Шоҳ 22:9-10). У шоҳни ортиқча уринтирмайдиган садоқатли ва меҳрибон котиб эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top