2:51

Эски дўстларимдан воз кечолмайман

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаётимиз атрофимиздаги яқинларимиз, қариндош — уруғларимиз ва оиламизнинг борлиги билан завқли. Инсон дунёда ёлғиз яшай олмайди. У бу учун дунёга келмаган. У ҳар доим атрофида ўзи севган ва уни севадиган кишилар бўлишини истайди. Бу истакнинг бўлиши табиий. Ëлғизлик инсон ҳусусиятларига тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ёшлигидан оиласи, қариндош уруғларидан ташқари ўзининг характерига тўғри келадиган, келиша оладиган, бир-бирини тушунадиган дўст топишга ҳаракат қилади. Дўстларнинг бўлгани яхши. Дўст ҳақида жуда кўп яхши мақоллар бор. Масалан: «Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам. Дўст қадам қўймас экан, вайронадир кошона ҳам.» «Яхши дўст оғир кунда билинади» ва ҳоказо. Ҳар бир инсон яхши дўст танлай билиши лозим, худди шу нарсани фарзандларига ҳам ўргатиши керак.

Narrator 2 Аммо афсуски атрофимиздаги бизга яхши гапираётган, кўнглимизни овламоқчи бўлган ҳар бир кишини ҳам дўст дея олмаймиз. Инсоннинг қандайлигини билмайдиган одамлар дўст танлашда адашадилар. Қадимги Муқаддас Китоблардан бирида ҳам шундай дейилади: «Кўпчилик нотўғри иш қилганда ёки улар адолатдан четга чиқиб гувоҳлик берганларида, уларга эргашманглар.» (Чиқ 23:2). Чиндан ҳам атрофимиздаги кўпчилик шу ишни қилаётгани учунгина нотўғри ишни тўғри деб қабул қилмаслик керак. Атрофимиздаги инсонларнинг гапларига кириб, уларнинг фикрларини қабул қилиш, ўз шахсий фикримизга эга эмаслигимиздан далолат. Уларнинг фикри билан юриб, уларга дўст бўлиш, яхшиликка олиб келмайди. Маталлар китобида ҳам шундай дейилган: «Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади» (Мат 13:20).

Narrator 1 Шунинг учун ҳам дўст бўлишга тўғри одамни танлаш жуда муҳим. Дўстлар — биз ҳаётимизнинг кўп қисмини бирга ўтказадиган инсонлар бўлади. Уларга дардимизни айтамиз, улардан маслаҳат сўраймиз. Қийин дамларда доимо дўстнинг олдига борамиз. Шодлигимизда дўстимиз биз билан бирга бўлади. Агар яхши дўст бўлса бизга керакли пайтда аччиқ бўлса ҳам тўғрисини айта олади. Дўст бизни юз-хотир қилиб, нотўғри гапларни гапирмайди. У бизнинг қандайлигимизни билади ва шунга кўра бошқаларга мақтайди. У ҳаётимизнинг гултожи кабидир. Шундай экан, яхши дўстларга эга бўлиш ҳаётимизнинг тўғри кетишини таъминлайди. Муқаддас Калом яхши одамларга шундай дейди: «Адашманглар: «Ëмон одамлар тўдаси яхши ахлоқни бузар экан». Энди лозим бўлганидай ўзингизга келинглар, гуноҳ қилманглар!» (1 Кор 15:33-34).

Narrator 2 Ўзимиз тўғри дўст танлай олсак, шундай қилишни фарзандларимизга ҳам ўргата оламиз. Ҳар доим ҳам бизга хушмуомала бўлган, бизнинг кўнглимизни олишга интилган одамлар дўст бўлиб чиқмайди. Бу ҳақиқатни фарзандлар ҳам билиши лозим. Чунки ўсиб келаётган фарзандлар атрофида турли хил ёмон хулқли гуруҳлар айланишиб қолиши мумкин. Мана шундай гуруҳлардан узоқ юришлари учун фарзандларни аввалдан бу ҳолатга тайёрлаш, уларга мақсади бошқа эканини англатиш лозим. Ëмон инсонлар тўдаси яхши аҳлоқли инсонни ёмон томонга ўзгаритириб юборишини уқтириб, бу ҳақида қаттиқ огоҳлантириш керак. Фарзандни фақат бу нарсалардан боҳабар қилиб қўйиш етарли бўлмайди, унинг ҳаётини кузатиш ҳам керак. У қилаётган ишлар билан қизиқиш, уни тинглаш, кўпроқ у билан вақт ўтказиш, фарзанднинг дўстлари ҳақида сизга кўп маълумот беради. Фарзанд учун энг яхши дўст ота-она, ота-она учун энг яхши дўст фарзанд бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top