Narrator 1 «Агар Унга хизмат қилишни маъқул кўрмасангиз, кимга хизмат қилишингизни бугун танланг. Фурот дарёсининг нариги томонида яшаган пайтда сажда қилган худоларингизга хизмат қиласизларми? Ёки олдин Амор халқларига тегишли бўлган ерларда яшаётганингиз учун энди уларнинг худоларига хизмат қиласизларми? Бугун танланг. Мен ва оилам эса Эгамизга хизмат қиламиз» (Ëшуа 24:15).
Ассалому алайкум. Юқорида эшитганингиз Мусо пайғамбардан кейин Исроил халқига бошчилик қилган Ëшуага тегишли. У ўзи учун тўғри қарорни қабул қилди. Халққа эса «қарор қилинг», — демоқда. Чиндан ҳам бу дунёда яшар эканмиз, ўз йўлимизни, энг тўғри йўлни танлаш жуда муҳим.
Narrator 2 Атрофимизда бўлаётган нарсалар бизни тўғри йўлдан чалғитмаслиги лозим. Ўша пайтда Исроил халқи ҳам ҳали Иорданни кечиб ўтмасидан олдин, Худога сажда қилганини, Худонинг паноҳи ва инояти остида ваъда қилинган ергача келганини унутган кўринади. Шунинг учун ҳам халқни ваъда қилинган ерга олиб кирган Ëшуа уларнинг иккиланишларидан жаҳли чиқиб, ўша куннинг ўзидаёқ, кимга хизмат қилишлари ва эътиқод қилишларини аниқлаштириб олишга ундамоқда.
Қадимги пайғамбарлар ҳам инсон ҳаёт экан, ҳақиқий Худони топиши ва фақат Унгагина сажда қилиши кераклигини ўз давридагиларга уқтирган. Илёс пайғамбар ҳам халққа қарата шундай деган эди: «Илёс ҳалқнинг рўпарасига чиқиб, уларга таъна қилди: — Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди-ю, Баал худо бўлса, унга сажда қилинглар.» (3 Шоҳ 18:21).
Narrator 1 Бошимизга оғир бир ташвиш тушганда «Худо, Худойим», деймиз. Ким У Худо? Уни қандай тасаввур қиламиз? Чиндан ҳам Худованд борлигига, сиз-у бизни яратганига ишонамизми? Уни қанчалик яхши биламиз? Уни таниймизми? Ҳаётимизда Худованд ишлаётганини ҳис қиламизми? Қаранг, Худованд билан бизнинг ҳаётимиз ўртасида қанча кўп саволлар бор. Буларнинг ҳаммасига жавоб бера оламан, деб ўйлайсизми? Ҳа, албатта Худовандни таниган, У кўрсатган йўлдан юрадиган одам албатта Худованд ҳақидаги саволларга жавоб бера олади. У ҳаётидан хавотир олмайди. Унинг ҳаёти тўлиқлигича Худовандга тегишли. Ҳаётида нимаики бўлмасин, барини Худованд бошқаради. Унинг ўзи эса Худовандига ишонади. Уни суянган Тоғи, оғир дамлардаги Паноҳи деб билади. Худованд билан шундай ҳаёт кечириш кишига тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳотиржамлик ва шодлик баҳш этади.
Narrator 2 Худованд эртаси билан мақтанадиган кишиларга шундай дейди: «Эртанги кун билан мақтанма, унинг нима олиб келишини билмайсанку!» Худованд яна шундай дейди: «Топиш мумкин бўлганида Худовандни қидиринг, У ёнингизда эканида Уни чақиринг. Ëвуз одам ўз йўлини ташласин, фосиқ эса ёмон ўйларини. У Худовандга юз бурсин ва Худованд унга шафқат қилади» (Ишаё 55:6). Худовандга юз буришни кейинга сурманг. «Ҳа, албатта Худовандни топишни истайман, У билан бирга ҳаёт кечириш яхши, фақат бугун эмас», — деманг. Бугун Уни топиш мумкин бўлганида, бу фурсатни ўтказиб юборманг. Худованд сизни чақирганда, Унга юз буринг. Бу фурсат яна келадими йўқми?! Буни фақат Худо билади! www.najot.com сайтимиз сизга У ва ўзингиз ҳақингизда кўпроқ маълумот беришга қодир.