3:43

Руҳий ғалаба 243

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан мен, эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азизлар, Худованд биз имонлиларга радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашишга имконият бермоқда, шу имконият учун миннатдормиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, Луқо мактубининг 22 боби 31 ва 32 оятларини биргаликда ўқиб кўрск. У жойда жумладан ушбу гаплар келтирилган: “Раббимиз Исо яна деди: Симун, Симун! Мана шайтон сизларни буғдой каби ғалвирдан ўтказишга изин сўради. Бироқ Мен, имондан тоймагил, дея сен учун ибодат қилдим. Сен бир кун қайтиб келганингда, биродарларинг имонини мустаҳкамла”. Азиз биродарлар, “нима учун шайтон айнан Бутурусни танлади?” деган ўринли савол пайдо бўлади. Сабаби шундаки, Бутрус илк жамоатларнинг пайдо бўлишида жуда катта рол ўйнарди. Шунинг учун ҳам шайтон биринчи галда ўзига қарши курашаётган инсонни йўқ қилиш пайига тушиб қолган эди.

Азиз биродарлар, қачонки Бутрус ўзининг ортидан шайтон эргашганини билганидан кейин Раббимиз Исо Масиҳга қарата шундай деб жавоб берди: “Симун Исога жавобан: Раббий! Мен Сен билан зиндонга ҳам, ўлимга ҳам боришга тайёрман!”-деди. Лекин шу кечанинг ўзида ҳаворий Бутрус Раббимиз Исо Масиҳда уч марта юз ўгиргани ҳақида сиз азизларга гапириб ўтиришимга хожат бўлмаса керак. Албатта Бутрус Раббимиз Исо Масиҳнинг унгача айтиб ўтган барча гапларини эслади ва тавба қилган ҳолда аччиқ–аччиқ хўнграб йиғлади. Азизлар, инсоннинг ҳаётида шунга ўхшаш воқеалар тез тез учраб туради. Бу ҳам шайтоннинг бир хужумидир. Мен шундай бир воқеани яхши эслайман. Бир дўстимнинг ҳаётида шунга ўхшаш воқеа юз берганини айтиб берган эди. Кунларнинг бирида у ўқиб юрган олий ўқув юртининг бошлиғи дўстимни ёнига чақирадида, шундай савол беради: “Эшитишимга қараганда, сиз черковга борар экансиз, русларнинг Худосига ишонар экансиз, шу гап ростми? Исо Масиҳ бу русларнинг Худоси, сиз ҳам Унга ишонасизми?” деган пайтида дўстим: “Йўқ” деб жавоб берган эди. Ушбу жавобдан кейин дўстим жуда кўп қийналганини яхши эслайман. Чунки у ўйлардики, мен Исо Масиҳдан юз ўгирдим.

Энди У ҳам мендан воз кечади, деб ўйларди. Худога шукур, дўстим билан олиб борилган узоқ суҳбатдан кейин у яна Худованд билан бирга яшашда давом этиб келмоқда. Албатта, бундай ҳолатларда шайтон жим қараб туролмайди. У инсонни турли хил ёлғонлар ила Худодан воз кечишга ундайди. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали шуни хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳаётимизда турли ҳолатлар юз беради. Лекин Худованд доимо ҳар биримизни турли қийинчиликлардан олиб чиқишга қодир. Бундан ташқари ҳар бир Масиҳга ишонувчи инсон ёлғиз нимагадир эришиши анча мушкул. Азизлар, агарда биродарингиздаги қийинчиликлар ҳақида хабар топсангиз, албатта у учун ибодат қилинг. Эсингизда бўлса, Раббимиз Исо Масиҳ Бутрусга қарата айтган эди: “Имондан тоймаслигинг учун Мен сен учун ибодат қилдим”, деб. Сизнинг ибодатингиз биродарлар учун жуда муҳимдир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг интернетдаги сайтимиз манзили: www.najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top