3:16

Ўзгаришга тайёр бўл.

MP3

«О Худойим, Сен бизнинг Отамизсан. Биз лоймиз, Сен эса кулолсан; биз ҳаммамиз Сенинг ишларинг маҳсулимиз» (Ишаё 64:8).

Ассалому алайкум. Бир куни телевизорда кулоллар ҳақида кўрсатув беришди. Бир кулол ўз жойида ўтириб, кулол дастгоҳини оёқлари билан оҳиста айлантираяти. Қўли билан эса ўртада турган лойга ишлов бераяпти. Ҳар-ҳар замонда қўлига бироз сув олиб лойга ишлов бераяпти. Унинг ишини томоша қилиш менга жуда завқли туюлди. У қўлларини ҳар ҳил йўналтириб, оддий кўримсиз лойни бир оз вақт ўтиб чиройли идиш кўринишига келтирди. Шу билан унинг иши тугагани йўқ. У лой идишни текислай бошлади. Сўнг уни печга жойлаштирди. Олов идишни парчалаб юборса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади. Кулол бу идишни қандай ҳароратда ва қанча пайт ушлаб туришни яхши биларди. У ҳароратни назорат қилиб, маълум вақт ўтгач, идишни печдан чиқариб олди. Идиш энди лой эмас, чидамли идишга айланганди. Бироқ кулолнинг иши ҳали тугамаганди. У идишнинг сиртини силлиқлаб, унга сайқал беришга киришди. Унинг устини нима биландир ялтиратди. Сўнг шу ялтироқ қават устига мўйқалам олиб, турли чиройли чизиқлар торта бошлади. Бир зумда кўз ўнгимда санъат намунаси пайдо бўлди. Ким ҳам оддий лойдан шундай санъат асари пайдо бўлади, деб ўйлабди?! Кулол бунинг уддасидан чиқди.

У ўз ишининг устаси экан. Фильмнинг биринчи қисми тугади. Эртаси куни иккинчи қисмини кўрсатишди. Энди кулол тиззасига ёшгина болакайни ўтирғизиб, унга лойдан идиш ясаш ишларини ўргатаётганди. Болакай бошида кулол ёнига қизиқиш билан ўтирди. Жуда завқ билан лойни ушлади. Кулол унинг қўлларини йўналтириб турди. Бироз вақт ўтгач, эса болакайнинг сабри тугади. У бу ишни қолдириб, ўйнаш учун чиқиб кетди… Шунда Худованд ҳақида ўйладим. Худо жуда ҳам моҳир кулолга ўхшайди. У мени Ўз қўлларида ўша лойдай ушлайди, ясайди. Мени Ўзи кўришни истаган она қилиб ясайди. Хўш, мен қандай лойман? Тез шаклга кираманми? Худди кулол каби Худованд ҳам жуда сабрли. У узоқ вақт меҳнат қилиб бўлса ҳам, мени фойдали идишга айлантириш учун ҳаракат қилади. Унинг ясашларига қарши бўлган чоғимда ҳам, қайсарлик қилган чоғимда ҳам У менда жимгина ишлайди. У мен учун нима яхшилигини билади, баъзан яхши ўхшамаган пайтларда менга қайта шакл беради, идиш улуғвор чиройли чиқиши учун баъзи жойларимни қайришига, букишига тўғри келади. Хуллас мендан абадий фойдали, чиройли ва қадрли идиш қилиш учун узоқ меҳнат қилади.

Худо мени ўзгаритириш учун жуда кўп ва узоқ меҳнат қилар экан, менинг ишим нима? Менинг вазифам, Худонинг ҳар бир тегишига тайёр бўлиш, осон шаклга кириш, Унинг ишига қаршилик қилмаслик. Менда бошлаган ишини тугатишга йўл қўйиш.

Доим ҳам шундай ҳолатда бўлавермаймиз. Шунинг учун ҳам Худованддан Унинг бизда ишлашига тайёр бўлишни сўрашимиз керак. Худованд бизни ясар экан, биз орқали фарзадларимизни ҳам оиламизни ҳам ўзгартиради. Шундай пайтда кулолнинг дастгоҳидан худди ҳалиги болакайдай сакраб туриб кетмайлик. Худованд бизда сабр билан ишлар экан, биз ҳам Худованднинг бизда қилаётган ишларини сабр билан кузатайлик. Қадрли тингловчи, Худованд ва ўзимиз ҳақимизда кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз эшиги сиз учун ҳамиша очиқ. Марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top