Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳурматли тингловчилар, Худованд бизга яна радио тўлқинларимиз орқали учрашишга имконият бергани учун Унга раҳмат айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Худованднинг бутун одамзодни қутқариши учун Ўзига яраша ажойиб режалари мавжуд. Шунинг учун ҳам бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида турли миллат вакилларидан тавба қилиб Раббимиз Исо Масиҳга эргашмоқдалар.
Шу жумладан бизнинг мамлакатимиздаги шароитга қарамай, Худованд Ўзининг танлаган инсонлари орқали одамларга Хушхабар етиб боришини таъминламоқда. Албатта бу қувонарли ҳолат. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Шайтонда ҳам ўзига яраша режалари мавжуд. Ушбу режа нималардан иборат бўлиши мумкин? Фақатгина битта асосий режадан иборатдир. Яъни одамзоднинг Худовандга яқинлашишига имкон бермаслик. Мана шу биттагина режанинг ичини очиб қарайдиган бўлсак, майда-майда, лекин жуда кучли бошқа режаларни ҳам кўришимиз мумкин.
Биринчиси, одамларни алдаб гуноҳга ботириб ҳалок қилишдир. Шайтон доимо биз инсонларнинг Худога бўлган ишончимизни сўндиришга ҳаракат қилиб келган. Шунинг учун ҳам у юқорида айтиб ўтганимиздек, ўзининг кичкина режаларини амалга оширишга ҳаракат қилади. Яъни инсонларда Худога нисбатан иккиланишни юзага келтиришга уринади. Агар ёдингизда бўлса, у ўзининг ёлғонлари билан бир қанча одамларни гуноҳга ботира олган эди. Айёр илон Худованднинг энг яқин инсонлари Одам Ато билан Момо Ҳавони гуноҳга ботира олди ва шу орқали уларни Худованд билан бўлган алоқасини узиб қўйди.
Шайтон Одам Ато ва Момо Ҳавога нафақат ёлғон гапирди, шу билан бирга Худовандни ҳам уларга ёмон қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган эди. Худовандни уларнинг кўз ўнгида эгоист қилиб кўрсатган эди: “Шунинг учун ҳам Худованд сизларга яхшилик ва ёмонликни билиш дарахти мевасидан еб кўришни тақиқлаб қўйган. Фақатгина Худонинг Ўзи бу ҳақида билишни, бошқалар эса ҳамма нарсадан бехабар қолишни истайди, шунинг учун ҳам сизларга ушбу мевани еманглар”, деб айтди деган эди. Шайтон биз инсонларни Худовандга нисбатан иккиланишимизни Унинг куч-қудратига ишонмаслигимизни истайди.
Минг афсуски, кўпинча одамлар шайтоннинг ушбу ёлғонларига ишониб қоладилар. Шунинг учун ҳам кўпчилик одамлар Худовандни тан олгиси келмайди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, шуни ёдимизда тутишимиз керакки, Раббимиз Исо Масиҳ ҳар бир инсон учун Ўзининг муқаддас қонини тўкди. Кимки Унга ишонса, албатта нажотга эга бўлади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам охирлаб қолди. Сиз азизлар билан хайрлашишдан аввал сизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com албатта мактубларингизн кутиб қоламиз. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азиз радио тингловчи биродарлар.