3:24

Яхшилик ва ёмонлик

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизларни фикрингизни билмоқчи эдик. Муқаддас калом бизга ўргатади-ки, ёмонлик эвазига ёмонлик қилиш билан жавоб бермаслигимиз керак. Лекин ҳаётда кўпинча буни аксини кўришга тўғри келади. Балки замон ўзгариб бораётгандир. Лекин Худованднинг сўзи Ўз кучини йўқотмаганлиги аниқ. Шундай экан, қанчалик оғир бўлмасин, барибир ёмонликка яхшилик ила жавоб берган маъқул.

Агар сизга кимдир ёмонлик қилган бўлса, шунга яраша жавоб қайтариш шарт эмас. Чунки бу ёниб турган оловга яна бензин сепилгандек гап. Лекин бунинг иккинчи тарафи ҳам бор. Кимдир сизга ёмонлик қилса ва сиз шунга яраша жавоб қайтармасангиз, сиз ҳаққингизда одамларнинг фикри бошқача бўлиши мумкин. Балки кимдир сизни қўрқоқ, ўзини ҳурмат қилолмайдиган инсон сифатида қараши мумкин. Азизлар, мен ҳозир одамлар ўйлаши мумкин бўлган энг яхши сўзларни келтириб ўтдим холос.

Аслида одамлар бундан ҳам ёмонроқ фикрга бориши мумкин. Кўпинча икки кишини кўчада уришиб турганини кўрсак, ҳеч ким уларнинг орасига тушмайди. Сабаби, кўпчилик одамларга айнан шунга ўхшаш томоша керакдек. Раббимиз Исо Масиҳ ҳар бир инсонни ёмонлик эвазига яхшилик билан жавоб беришга чақиради. Инсонлардан ҳеч ким бошқа одамни жазолаш ҳуқуқига эга эмас. Жазолаш аслида Худованднинг иши. Бизнинг амалга оширишимиз керак бўлган иш эса ибодат билан Худовандга мурожаат қилиш. Худованд ҳали ҳам Ўз фарзандларини ҳимоя қила олади. Албатта ҳар бир одам ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Лекин ҳеч ким қасос олиш ҳуқуқига эга эмас. Балки бу ноҳақликка ўхшаб кўринар. Лекин аслида кимнидир ҳаққоний ҳукм қилиш — бу Худонинг иши. Азиз биродарлар, ёмонлик эвазига ёмонлик қилиш билан жавоб бермаслик, Худо учун ҳақли ҳукум қилиш имкониятини туғдиради. Азиз биродарлар, шу ўринда барчамиз учун яхши таниш бўлган бир оятни келтириб ўтмоқчи эдим: “Сизлар кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш, деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин Мен сизга айтаман: ёмонга қарши чиқма. Ким сенинг ўнг чакканга урса, унга иккинчисини ҳам ўгир”.

Ҳа, азиз радио тингловчи биродарлар, қанчалик қийин бўлмасин, бошқаларга нисбатан меҳрибон ва севги ила жавоб беришга тўғри келади. Мана шу ҳар бир имонли кишининг имони ҳақида дарак беради. Азиз биродарлар, бизнинг ҳар бир қилган ишимиз Худовандга маъқул бўлиши керак. Худованднинг кўрсатган йўли доимо тўғри йўл ҳисобланади. Азизлар, доимо ёдингизда бўлсин: қасос олиш бу ҳолатни енгиллаштирмайди, аксинча, янада оғирлаштиради. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ҳам охирлаб қолди. Азизлар, сизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com ушбу манзилга ўз фикр ва мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни юборишингиз мумкин. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top