3:16

Худонинг сўзи 197

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзумиз кўпчилигимизни бироз ўйлантириб қўйишига шубҳа йўқ. Масалан, кўпчилик имонли биродарларимизни яшаш тарзини кўриб, бироз ўйланиб қоласан киши. Улар қандайдир сўлғин юзли, кам гап, унчалик ҳам хурсанд бўлмаган ҳолда камдан-кам куладилар. Нима учун шундай?

Тўғриси, шунга ўхшаш биродарларнинг айримлари билан бир неча бор суҳбатлашишга тўғри келди. Уларнинг айтишича, ҳаддан ташқари хурсандчилик масиҳий одамга хос эмас экан. Сизнинг фикрингиз қандай, азиз биродарлар? Нима учун Худованд масиҳийларнинг хурсанд бўлишини хоҳламайди? Азизлар, агарда одамлар: “ Йўқ, Худо бизларнинг хурсанд бўлишимизни хоҳйламайди”, деб ўйласалар ёки шундай деб гапирсалар, улар Худованд ҳақидаги ҳақиқатни билмайдилар, деб айтиш мумкин. Худованд, аксинча, ҳар бир инсоннинг хурсанд бўлишини истайди.

Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ ҳеч қачон тушкун ҳолатда юрмаган. У одамларга доимо айтар эди: “Агар ким Мен билан бирга бўлса ва бирга юрса, улар хурсандчиликка эга бўладилар”, деб. Бундан ташқари Худованд Ўз сўзида айтадики, жаннат — бу битмас-туганмас хурсандчилик маконидир. Юҳанно мактубининг 15 боби 11 оятида шундай ёзилган: “Менинг шодлигим сизларга ўтсин ва кўнглингиз қувончларга тўлсин деб, Мен бу сўзларни сизларга айтдим”. Кўпинча инсонларнинг гуноҳкор ишлари уларга маълум хурсандчиликни олиб келиши мумкин. Лекин шуниси аниқки, ушбу хурсандчилик узоққа чўзилмайди.

Гуноҳ ишларнинг оқибати кўпинча ташвишли бўлади. Ўзидан кейин албатта қандайдир муаммоларни келтиради. Худованддан олинган хурсандчилик эса абадийдир. Буни худди мазали овқатга ўхшатишимиз мумкин. Айтайлик мазали овқатни инсон маза қилиб истеъмол қилади. Овқатнинг таркибини билмасдан овқталаниш эса албатта ўзининг аламли ҳолатларини келтириб чиқаради. Таркибида ҳаддан зиёд зарарли овқатлар кўпинча мазали бўлади десак, тушунарли бўлса керак. Оддий парҳез овқатлар унчалик ширин бўлмаслиги мумкин, лекин инсонга ҳеч қандай зарар келтирмаслиги аниқ.

Масиҳий инсон ҳаёти давомида Худовандга қарши бўлмаган барча ишлардан хурсанд бўлиб яшаши мумкин. Биз инсонларнинг юрагини Худованддан бошқа ҳеч ким охиригача тушунмайди, балки ўзимиз ҳам. Азизлар, бир муҳим нарсани сизларга айтиб ўтмоқчи эдим. Ҳеч ким Худовандни таниб билган инсонлардек хурсанд бўла олмайдилар. Хурсандчиликка эга бўлиш учун Худованд билан бирга бўлиш лозим. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумизга якун ясаб, сиз азизлар билан хайрлашмоқчи эдим. Ундан аввал сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com Азизлар, ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва ўзингиз учун керакли маълумотларга эга бўлинг. Ҳозирча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top