3:26

Болаларнинг ўсишига ёрдам 274

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи ота-оналар, агар бироз ўзимизнинг ёшлик давримизга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар биримиз болалигимизда Худовандни ўзимиз билганимизча тасаввур қилган бўлсак керак. Худди шу каби ҳозирги болалар ҳам Раббимиз Исо Масиҳни ўзлари билганларича тасаввур этишади. Ҳатто кўпчилик Исо Масиҳни қабул қилган болалар ҳам бошқача таассуротга эга бўлишлари мумкин экан.

Кўпчилик болалар билан олиб борилган суҳбатларимиз натижаси шуни кўрсатадики, болалар Исо Масиҳни дунёдаги энг яхши ва меҳрибон инсон деб тушунишади. Агарда Раббимиз Исо Масиҳ дарҳақиқат шундай одам бўлганида эди, У ҳеч қачон бизларнинг ягона Қутқарувчимиз бўлолмас эди. Муқаддас китобдан ҳар биримиз аниқ биламизки, Исо Масиҳ Худованд томонидан юборилган ягона Нажоткор саналади. Ҳаворийлар китобининг 9 боби 20 оятида шундай ёзиб қўйилган: “У дарҳол Исо Худонинг Ўғли экани ҳақида яҳудий ибодатхоналарида тарғибот қила бошлади”.

Албатта ҳаворийлар Раббимиз Исо Масиҳнинг ким эканлигини яхши билишар эди. Ҳозирги кунда кўплаб динлар Исо Масиҳни Худованднинг Ўғли, лекин У Худо эмас деб тарғиб қилишади. Азиз ота-оналар, шунинг учун ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим масалалардан бири, ўз болаларимизга ва бошқа инсонларга ҳам Исо Масиҳнинг Ким эканлигини тўғри тушунтириб беришдан иборатдир. Ҳурматли биродарлар, болаларга айниқса Мавлуд байрами дарсларида Исо Масиҳнинг ким эканлигини тушунтириб бериш жуда муҳимдир.

Худованд инсон қиёфасига кириб одамларнинг олдига келишни болаларга яққол мисоллар билан тушунтириб бера олишимиз керак. Унинг исми бизга нима ҳақида гапириши мумкин? Худованднинг Ўғли деган исм жуда катта маънога эгадир. Раббимиз Исо Масиҳ ўлиб тирилганидан сўнг, ҳаворийлар Уни Раббий деб аташган. Исо Масиҳ бу Унинг ер юзидаги исми эди. Исо Масиҳ ўлиб тирилгандан сўнг ушбу исм аввалгига нисбатан камроқ ишлатилар эди. Чунки ўлиб қайтадан тирилиш фақатгина Худовандга хосдир. Ҳар бир бола Исо Масиҳ Худованд эканлигини охиригача тушуниб олишлари шарт.

Бунинг учун биз катталар уларга кўмаклашиб, тўғри дарс бера олишимиз керак. Исо Масиҳ ер юзига келишидан аввал ҳам самода бор эди. У ҳозир ҳам мавжуд, шунинг учун У ҳар бир инсоннинг ҳатти-ҳаракатидан хабардордир. 1Юҳанно мактубининг 4 боби 15 ояти билан бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчиман: “Агар ким Исони Худонинг Ўғли деб тан олса, Худо у билан, у Худо билан бир тан бўлиб яшайди”. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз якунига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили dilkash@najot.com Азизлар, ушбу электрон почтамизга ўз таклифларингизни ёзиб юборинг. Ҳар бир тингловчининг таклифи эътиборсиз қолмайди. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top